І O'zbekcha І Ўзбекча І Русский І English І    

 

 

 

 

 

Алоқа учун маълумот:

Манзил:

100197, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш,  Интизор кўч, 68.

Тел.:

265-22-52 (навбат.),

265-17-53 (факс),

265-13-55 (котибият).

E-mail:

akadmvd@uzsci.net

 

 

 
Rambler's Top100
 

 

 

 

Академия бугунги кунда

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Академияси Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича энг йирик олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.

Академиянинг фаолияти Устав асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 сентябрдаги 447-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 1994 йил 20 октябрдаги 264-сонли буйруғи асосида ташкил этилган бўлиб, Ички ишлар вазирлиги тизимига киради.

Академия олий таълимнинг асосий ва қўшимча касбий ўқув дастурлари асосида таълим фаолиятини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ўқув-методик, илмий ва бошқа фаолиятларни амалга оширувчи ихтисослашган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

 

 

Академиянинг тузилиши

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Академиянинг ташкилий штат тузилиши тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ таълим муассасаси ўз фаолиятини қуйидаги йўналишларда амалга оширади:

  • жамоат тартибини сақлаш, жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, жиноятчиларни қидириш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органлари бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил қила оладиган раҳбар кадрларни тайёрлаш;
  • жиноятчиликка қарши курашда профилактик, оператив, жиноят-процессуал, эксперт ва бошқа тадбирларни мустақил ўтказиш қобилиятига эга бўлган ички ишлар органлари офицерлари – мутахассисларни тайёрлаш;
  • ички ишлар органлари учун ўзида мутахассис ва командир хусусиятлари ҳамда ихтисослигини уйғунлаштирган, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни ҳаётга самарали татбиқ эта оладиган сержантлар таркибини тайёрлаш;
  • ИИВ ходимларининг узлуксиз таълими тизимида ички ишлар органлари офицерлари таркибининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;
  • жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги долзарб муаммоларга йўналтирилган илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш, илмий-педагогик кадрларнинг касбий ва методик даражасини ошириш.

 

   

Академия таркибида 24 та кафедра мавжуд. Булар: маъмурий ҳуқуқ, тезкор қидирув ҳуқуқи, криминалистика, жиноятларнинг олдини олиш, ички ишлар идораларида бошқарувни ташкил этиш, транспортда хавфсизликни ташкил этиш, жиноят ҳуқуқи, давлат ва ҳуқуқ тарихи ва назарияси, конституциявий ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари умумий назарияси ва амалиёти, фуқаровий-ҳуқуқий фанлар, умумҳарбий фанлар, жисмоний тайёргарлик, психология ва касб этикаси, информатика, ҳисоблаш техникаси ва алоқа, тиббий тайёргарлик, Ўзбекистон тарихи, Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти, фалсафа ва сиёсатшунослик, иқтисодий фанлар, малака ошириш факультетининг махсус фанлар ва юридик фанлар кафедралари, тиллар ва адабиёт кафедраси. Шунингдек, Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларда 4 та цикл: махсус фанлар, юридик фанлар, ҳарбий-хизмат ва жисмоний тайёргарлик ҳамда гуманитар ва ижтимоий-ҳуқуқий фанлар цикллари мавжуд.

Академияда ўқув-тарбия жараёни ва хизмат олиб боришни ўқув бўлими, тарбиявий ишлар бўлими, илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўлими, саф қисми ва штаб ташкил қилади. Илмий тадқиқот ишларини Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашдаги долзарб масалалар лойиҳаси ташкил қилади ва мувофиқлаштиради.

Молиявий-иқтисодий ва моддий-техник таъминотни тегишли бўлим ва хизматлар амалга оширади.
 

 

Ўқув фаолияти

 

Академиянинг тарихий шаклланиши жараёнида профессор-ўқитувчилар ва бошлиқлар таркиби ҳар доим ички ишлар органлари учун замон талабларига жавоб бера оладиган, касбига садоқатли, Ватан олдидаги бурчини шараф билан бажаришга қодир, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашни юқори даражада амалга оширишга лаёқатли кадрларни тайёрлашга интилди. Ўқитувчилар, курсант ва тингловчиларнинг ворисийлигини таъминлашга ва замонавий моддий-техник базага, тажрибали профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда зарур илмий салоҳиятга эга бўлган Академия қудратли ўқув-илмий масканга айланган ва ҳозирги вақтда унда минглаб кишилар таълим олмоқда.

Академия фаолияти биринчи навбатда бўлғуси ички ишлар органлари ходимларининг кундалик таълимини ташкил этишга қаратилган. Тингловчилар ва курсантлар нафақат ўқув жараёнининг асосий объекти, балки бутун ўқув муассасаси ҳаётий фаолиятининг мураккаб механизми ишлаши учун мақсад ва вазифалари белгилаб берилган ҳақиқий асос ҳисобланади.

Академия кафедралари ва таркибий бўлинмалари ходимларининг куч-ғайрати ўқув-тарбия жараёнининг Давлат таълим стандартлари талабларига мос келувчи юқори даражадаги самарадорлигини таъминлашга йўналтирилган.

 

   

Таълимнинг дастлабки кунидан бошлаб тажрибали командирлар, моҳир мураббий ва тарбиячилар раҳбарлигида тингловчи ва курсантларда ички ишлар органлари ходимларининг бурчга содиқлик, мардлик ва фидокорлик, юқори касбий маҳорат, маънавий ва руҳий барқарорлик каби энг яхши сифатлари тарбияланади. Бўлинмаларда жамоавийлик ва ўзаро ёрдам муносабати вужудга келади, қўйиладиган талаблар ва хизматдаги ўзаро муносабатларни онгли тушуниш муҳити шаклланади.

Ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришда муҳим эътибор тингловчиларнинг таълим олишларини фаоллаштириш, таълимда илғор педагогик тажриба, ўқитишнинг замонавий дидактик воситалари, ахборот ва телекоммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган ўқитишнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилади.

Назарий билимлар ўқув амалиёти ва стажировка (иш ўрганиш) билан қўшиб олиб борилади ва буни тингловчилар республика ички ишлар органларида ўтайдилар. Бундан ташқари, оператив-тактик машқлар ва амалий машғулотларни ҳақиқий ҳаётдагига яқинроқ шароитда ўтказиш учун тингловчи ва курсантлар шаҳардан ташқаридаги ҳарбий-дала ўқув марказига чиқадилар ва у ерда махсус операцияларни амалга ошириш борасида билим ва кўникмага эга бўладилар. Шунингдек, тингловчилар Академиянинг криминалистик полигонида ҳам зарур билим ва маҳоратни эгаллайдилар.
 

 

Инновацион педагогик технологиялар

 

ИИВ таълим муассасалари ўқитувчилари таркибини тайёрлаш даражасини ошириш – ички ишлар органлари ходимларининг касбий таълимини такомиллаштиришнинг асосидир. Ушбу вазифани амалга оширишнинг асосий шарти педагогик кадрлар малакасини ошириш ва Академия ёш ўқитувчилар педагогик маҳорати мактабининг доимий амал қилувчи тизимининг самарали фаолияти ҳисобланади.

Академиянинг инновацион фаолияти таълим жараёни ва ўқитувчилар фаолиятига педагогик жамоа олдида турган устувор вазифаларни самарали ҳал этишга қаратилган инновацион педагогик технологияларни ишлаб чиқиш, апробация қилиш ва жорий этишга қаратилган. Ушбу фаолиятни методик таъминлаш ва таълим дастуридаги инновацияларни жорий этишни кузатиб бориш Академия Инновацион педагогик технологиялар маркази зиммасига юклатилган.

Марказнинг асосий фаолияти – инновацион педагогик технологияларни ишлаб чиқиш ва уларнинг таълим жараёнига жорий этилишига кўмаклашиш, Академия ва бошқа олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш, энди иш бошлаётган ўқитувчиларни илмий ва педагогик ишларга тайёрлаш, халқаро ҳамкорлик ва полиция ходимларини тайёрлашнинг хорижий тажрибаси интеграцияси бўйича дастур доирасида чет эл ўқув муассасалари билан илмий ва илмий-педагогик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдир.

 

   

Марказда очиқ, кўргазмали ва синов машғулотлари, кафедралараро методик семинар ва кенгашлар, олий ўқув юрти таълим ва тарбия методикаси масалалари бўйича давра суҳбатлари ўтказилади, психологик-педагогик фан ютуқлари тўғрисида маърузалар, илмий ахборотлар ва нутқлар тингланади. Бошловчи ўқитувчиларнинг ўқитишнинг янги технологияларидан фойдаланиб маъруза ўқиш, семинарлар ва амалий ҳамда бошқа турдаги машғулотларни ўтказиш кўникмасини ўргатишга катта аҳамият берилади.

Академия ўқитувчилар таркибини инновацион технологияларга ўргатиш Академия ички семинарлари, ўйинли тренинглар ва бошқа ўқув тадбирларини ташкил этиш орқали ҳам амалга оширилади.

Ёш ўқитувчиларнинг Педагогик маҳорат мактабида ёш педагоглар олий ўқув юртининг энг яхши профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида ўқув жараёнини норматив-ҳуқуқий таъминлаш масалаларини ўзлаштириб, мамлакатимиз ҳамда хорижда эришилган педагогика ва психологиянинг янги ютуқлари билан танишадилар.

 

 

Таълим фаолиятида ахборот технологиялари

 

ИИВ Академиясида ўқув жараёнини жадаллаштирувчи инновацион ахборот технологиялари кенг қўлланилади. Ахборот технологияларини ўқув жараёнига жорий этишнинг асосий вазифаси ва пировард мақсади – Академияда барча ўқув ва илмий-методик ресурсларни бирлаштирувчи ягона ахборот-таълим маконини яратиш, улардан тингловчилар ва профессор-ўқитувчиларнинг фойдаланишига қулайлик яратишни таъминлашдан иборат.

Ушбу мақсадда локал компьютер тармоғи ташкил этилган бўлиб, Академия таркибий бўлинмалари таълим ресурсларини бирлаштириш ва ундан тингловчи ва ходимларнинг фойдаланишларига имкон беради. Академия ахборот-таълим портали ишлаб турибди, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ўқув машғулотлари жадвали, ўқув дастурлари, методик материаллар, маърузалар фонди, замонавий дарслик ва ўқув қўлланмаларини ўз ичига олган электрон кутубхона жойлаштирилган. Электрон ва интерфаол дарслик ва қўлланмалар, мультимедиа иловалар тайёрлашга катта аҳамият берилади.

 

   

Тингловчилар ва профессор-ўқитувчилар таркибининг Интернет орқали халқаро таълим ресурсларидан фойдаланишларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, Академия Интернетдан кенг фойдаланувчилар учун ўз ресурсларидан фойдаланишга ҳам имкон беради. Халқаро тармоқда ИИВ Академиясининг расмий интернет-сайти яратилган ва жойлаштирилган бўлиб, унда Академия тарихи, фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида ахборот берилган, Академиянинг ички ҳаёти тўғрисидаги янгиликлар мунтазам равишда эълон қилинади, Академия ходимлари асарларининг электрон кутубхонаси жойлаштирилган. Интернет тармоғида «Юридик психология» сайти ҳам жойлаштирилган бўлиб, амалда Интернетнинг ягона шундай ахборот ресурси ҳисобланади.

Ўргатувчи ва тренингли компьютер дастурларидан ички ишлар органлари бўлғуси ходимларининг махсус кўникма ва қобилиятини шакллантириш, муҳим касбий сифатларини ривожлантиришда кенг фойдаланилади. Ахборот технологияларининг муносиб равишда қўлланилиши тингловчилар билимининг рейтинг назоратини ташкил қилиш, кириш синовларини ўтказиш, Академия хизмат ва бўлинмалари кундалик фаолиятини автоматлаштиришда ҳам ўз аксини топган.

Академияда Тест маркази ишлаб турибди. Унинг асосий вазифаси Академияда ўқитиладиган ўқув фанлари бўйича оралиқ ва якуний назоратни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек тингловчиларнинг тест натижаларини таҳлил қилишдан иборат.

Академияда телевидение таълим маркази ҳам ташкил этилган бўлиб, у ўқув видеоматериаллари ва умумтаълим, маъданий-маърифий ҳамда ахборот хусусиятига эга бўлган кўрсатувларни мунтазам бериб боради.
 

 

Илмий-тадқиқот фаолияти

 

Академиянинг илмий тадқиқот фаолияти қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва жиноятчиликка қарши кураш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, олинган натижаларни амалий фаолият ва ички ишлар органларига жорий этиш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширишга йўналтирилган.

Академиянинг 100 дан ортиқ фан докторлари ва номзодларини ўз ичига олган илмий салоҳияти Ўзбекистонда демократик давлат қурилишини ҳуқуқий таъминлаш, ижтимоий хавфсизликни таъминлаш соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, жиноятчиликка қарши кураш муаммоларини ишлаб чиқиш, мамлакат қонунчилиги асосларини яратишда иштирок этиш имконини беради. Ҳозирги кунда Академия профессор-ўқитувчилари 28 та муаммо бўйича тадқиқот олиб бормоқдалар. «Ички ишлар органларининг одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш муаммолари», «Наркобизнес ва наркотрафикка қарши курашнинг долзарб муаммолари», «Вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши курашда ички ишлар органлари профилактика фаолиятини такомиллаштириш муаммолари», «Ички ишлар органларида ахборотни ҳимоя қилиш йўллари ва усуллари», «Маъмурий қонунчиликни такомиллаштириш муаммолари» «Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалари», «Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий йўналишлари» ана шундай муаммоли тадқиқот йўналишларидан ҳисобланади. Ўтказиладиган илмий тадқиқотлар жараёнида ишлаб чиқиладиган таклиф ва тавсиялардан мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қонун ижодкорлиги ва амалий фаолиятида кенг фойдаланилади.

 

   

Илмий тадқиқотлар якунини апробация қилиш, янгича илмий ахборотга эга бўлиш ва ижодий фикр алмашиш учун Академияда халқаро, олий ўқув юртлариаро ва Академия ички илмий-назарий, илмий-амалий конференциялари, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказиб турилади.

Юқори малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш Академия фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир. Номзодлик ва докторлик диссертациялари устида ишлаётган тадқиқотчилар, адъюнктлар ва докторантлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Илмий тадқиқот фаолиятига иқтидорли тингловчиларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Академиянинг ижтимоий-гуманитар, умумкасбий ва махсус кафедралари қошида тингловчиларнинг илмий тўгараклари ишлаб турибди. Тўгарак аъзолари рефератлар, маърузалар тайёрлайдилар ва улар билан илмий семинарлар, тингловчиларнинг илмий конференцияларида сўзга чиқадилар. Академия тингловчилари ҳар йили ижтимоий ва ҳуқуқшунослик фанлари бўйича республика олимпиадаларида иштирок этадилар ва улардан кўпчилиги совринли ўринларни эгаллайдилар.

 

 

Маънавий-маърифий ишлар

 

ИИВ Академиясида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларга алоҳида эътибор қаратилади. Маънавий-маърифий ишлар Академия ходимлари ва тингловчиларини миллий истиқлол, ташаббускорлик, Ватанига ва касбига садоқат руҳида тарбиялашга, шунингдек уларнинг касбий, фуқаролик ва ижтимоий-руҳий сифатларини шакллантириш, уларнинг умумий маданият даражасини юксалтириш, ўқув-хизмат ва илмий амалий фаолиятга масъулият ҳиссини кучайтириш, тартиб интизом ва қонунчиликни мустаҳкамлашга йўналтирилган. Тингловчиларни турли оқимларга, жумладан халқаро терроризм ва диний экстремизмга муросасизлик руҳида тарбиялашга катта эътибор берилади.

Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати тизимига тингловчилар ва курсантларнинг касбий-ахлоқий баркамоллигини, уларда конституциявий ҳуқуқ ва фуқароларнинг эркинлигига риоя қилиш принципларини шакллантиришга қаратилган тадбирлар мажмуи киритилган. У касбий йўналиш, ўқишга номзодларни танлаш, курсантлар ва тингловчиларнинг Академиядаги ўқув ва хизмат фаолиятига мослашувлари, битирувчи тингловчиларнинг касбий фаолиятга мустақил ёндашишларини ўстиришни ўз ичига олади.

Бу борада гуруҳ раҳбарларининг ўзларига бўйсунувчи ходимларнинг, профессор-ўқитувчилар таркибининг тингловчилар ва курсантлар билан олиб борадиган якка тартибдаги тарбиявий ишлари алоҳида ўрин эгаллайди. Тингловчилар билан сиёсий-маърифий машғулотлар мақсадга йўналтирилган ҳолда самарали ўтказилмоқда.

Академияда кураторлар институти фаолият кўрсатмоқда, ўқув гуруҳларига алоҳида ўқитувчи-кураторлар бириктирилган. Кураторлар ётоқхоналарга ташриф буюриб, тингловчилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказадилар, маслаҳатлар берадилар, тингловчи ва курсантларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, ўқишларида ёрдам берадилар.

 

   

Академиядаги тарбиявий жараённинг яна бир асосий йўналиши курсантлар, тингловчилар ва ходимларнинг ижтимоий шаклланиш фаолиятини юксалтиришдир. Улар Академия раҳбариятига жамоани соғлом ахлоқий-руҳий муҳитда ушлаб туришда беминнат ёрдам кўрсатмоқда. Ижтимоий жамоалар тизимига қуйидагилар киради: фахрийлар кенгаши, кураторлар кенгаши, мураббийлар кенгаши, хотин-қизлар кенгаши, тингловчилар ва курсантлар кенгаши, одоб-ахлоқ суди. Ҳар бир курсда маънавият ва маърифат хоналари жиҳозланган, у ерда тарбиявий хусусиятга эга бўлган турли кўргазмали ахборот материаллари, шунингдек курсантларнинг бўш вақтларида дам олишлари учун шароитлар яратилган. Улар бу ерда газета-журналлар ўқийдилар, телекўрсатувларни кўрадилар, маданият, илм-фан, таълим, ички ишлар органларининг фахрийлари ва хизмат кўрсатган ходимлари билан учрашувлар ўтказадилар.

Тингловчилар ўртасида ўқув ва хизмат интизоми, тарбиявий ишларни ташкил этиш, тингловчиларнинг курс раҳбарлари ва ўқитувчилар таркиби билан муносабатини шакллантириш бўйича ижтимоий-руҳий аҳвол мунтазам мониторинг қилиб борилади. Бу Академия раҳбариятига ўқув жамоаларидаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш ва уларни ўз вақтида бартараф қилишга имкон беради.

Шахсий таркибни тарбиялаш шаклларидан яна бири тингловчиларни оталиқ ишларига жалб қилишдир. Мана кўп йилдирки, ўқув маскани Тошкент шаҳридаги 21-меҳрибонлик уйида тарбияланаётган етим болаларга оталиқ ёрдамини кўрсатиб келмоқда. Тингловчилар ва ўқитувчилар бу ердаги тарбияланувчиларга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатмоқдалар, уларга концерт дастурлари билан чиқишлар қилиб, маърузалар, суҳбатлар ўтказиб келмоқдалар. Янги йил томошалари ва ҳар хил саёҳатлар ташкил қилиб, ўзларининг бўш вақтларини улар билан мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиб келяптилар.

Академия шахсий таркибини ватанпарварлик, ўқув юрти эришган меҳнат ва жанговар анъаналарга садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ишга Академиянинг ва ички ишлар органларининг фахрийлари фаол жалб қилиниб, улар тингловчилар ва курсантлар олдида ўз хотиралари, меҳнатда эришган ютуқлари ҳақида чиқишлар қилишмоқда, тажриба ва билимларини ёш авлодга ўргатмоқдалар.

Курсантлар ва тингловчилар тарбиясида тантанали маросимлар алоҳида ўрин эгаллайди. Ички ишлар органлари ходимларининг қасамёдини қабул қилиш, ёш мутахассисларнинг битирув тантанаси, янги ўқув йилининг бошланиши, саф олдида мукофотланганларни тақдирлаш — буларнинг ҳаммаси Академияда ўтказиладиган тантанали маросимлар бўлиб, улар курсантлар ва тингловчиларнинг касбга бўлган муҳаббатини шакллантиришга қаратилган.

 

   

Ўзгарувчан таркибни маънавий тарбиялашда Маънавият ва маърифат марказининг алоҳида ўрни бор. Марказ халқаро, республика, шаҳар ва Академия миқёсида турли тадбирларни ўтказиб келмоқда. Конференциялар, семинарлар, фан тўгараклари, газеталар муҳарририятларининг ишлари шулар жумласидандир. Бу ерда маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан кечалар ташкил қилинади. Бадиий ҳаваскорлик ансамблларининг концертлари берилади. Касбий маҳорат бўйича танловлар, тингловчиларнинг викториналари, тантанали йиғилишлар, алоҳида саналар ва воқеаларга бағишланган тантаналарга ходимлар ва уларнинг оила-аъзолари жалб қилинади.

Академиядаги маънавий-маърифий ишларда 1999 йилда ташкил этилган Тарихий-ҳуқуқий музейнинг алоҳида ўрни бор. Бу ерда давлатимиз тарихи, ота-боболаримизнинг ҳуқуқий мероси, ички ишлар органларига кадрларини тайёрлаш тизимининг шаклланиш тарихига оид жуда кўп экспонатлар ва материаллар йиғилган.

 

 

Академиянинг спорт ҳаёти

 

Ички ишлар органлари ходимларини гармоник жиҳатдан ривожланган, жисмонан соғлом ва жамоат хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир юксак ахлоқий принциплар руҳида тарбиялаш Академияда олиб бориладиган ишлардаги муҳим йўналишлардан биридир. Шу боис курсантлар ва тингловчиларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Қўйилган мақсадга эришиш учун Академияда замонавий спорт инфратузилмаси – томошабинлар учун ўриндиқларга эга бўлган олимпия стандарти ўлчамидаги футбол-енгил атлетика стадиони, гимнастика шаҳарчаси, сузиш бассейни, теннис корти, ўйинлар учун мўлжалланган зал ва иккита кураш зали мавжуд. Бу ерда самбо ва дзюдо курашлари, хизмат кўпкураши, енгил атлетика, футбол, волейбол, қўл жанги, юнон-рум ва эркин кураш секциялари ишлаб турибди. Секциялардаги ўқув машғулотларини юқори малакали мутахассислар олиб борадилар, улар орасида спорт усталари, минтақа ва жаҳон чемпионатларининг ғолиблари ва совриндорлари бор.

Академияда ҳар йили спартакиада, Ватан ҳимоячилари куни, Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган спорт мусобақалари ташкил этилади. 1994 йилдан ҳозирги вақтгача «Динамо» ФСЖ жамоалари спартакиадасида Академия командаси доимий ғолиб саналади.

 

   

Академия спортчилари Ўзбекистон миллий терма жамоалар таркибида жаҳон ва Осиё чемпионатларида қатнашиб, спортнинг самбо, дзюдо, таэквандо, бокс, оғир атлетика, юнон-рум ва эркин кураш турлари бўйича 350 та медални қўлга киритдилар, уларнинг 60 дан ортиғи олтин медаллардир. Самбо кураши бўйича Академия тингловчиларидан Ю. Янкина, Е. Зайцева, М. Кадирова, Е. Тулупова, Б. Хўжаев, А. Қурбонов, Э. Гулямов, Д. Қамбарова, эркин кураш бўйича тингловчи М. Ибадов жаҳон ва Осиё чемпионлари бўлганлар. Шунингдек, Д. Арипов (юнон-рум кураши) Р. Кутуев ва Ш.Ибрагимов (каратэ), Л. Ли, А. Ким ва М. Ногай (таэквандо) жаҳон ва Осиё чемпиони унвонига эга бўлганлар. Б. Усмонов оғир атлетика бўйича Осиё чемпиони, Э. Гулямов жанговар самбо бўйича биринчи жаҳон чемпионлигига сазовор бўлганлар.

Академияда Осиё самбо федерацияси (ОСФ) муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда, унинг президенти жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедрасининг бошлиғи подполковник Ф. Пўлатовдир.

Академия жамоаси 21-меҳрибонлик уйи ва 121-ўрта мактабга ўсиб келаётган авлоднинг жисмоний соғлом бўлиб етишишида оталиқ ёрдамини кўрсатиб келмоқда. Ушбу ўқув ва тарбия масканларида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, самбо секцияси ташкил қилинди. Бу ерда, шунингдек яқин атрофда истиқомат қилувчи аҳолининг фарзандлари ҳам спорт билан бепул шуғулланади.

 

 

Моддий-техник база

 

Академиянинг асосий базаси 35 гектарли майдонда жойлашган. Бу ерда тўртта замонавий ўқув биноси, тингловчилар учун иккита ётоқхона, меҳмонхона, ҳаммом ва кир ювиш комплекси кабилар жойлашган.

Тингловчилар билан ўқув машғулотлари ўтказиш учун 18 та маъруза зали, 150 та ўқув аудиторияси ва ўқув-методик кабинет, шунингдек учта зал ва сув ҳавзасига эга бўлган спорт мажмуаси теннис ўйнаш ва атлетик тайёргарлик билан шуғулланиш учун спорт майдончалари, икки галереяли ўқ отиш тири, криминалистик полигон, ёпиқ телевидение тизимига эга бўлган телемарказ, энг замонавий компьютерлар билан жиҳозланган 20 та компьютер синфи ва бошқалар мавжуд.

Тингловчилар тўртта кутубхона хизматидан фойдаланадилар. Улардаги китоб жамғармаси 500 мингдан ортиқ нусхадаги ўқув, илмий, ижтимоий-сиёсий, махсус ва бадиий адабиётни, даврий ва ахборот нашрларини ўз ичига олади.

Замонавий компьютерлар ва матбаа ускуналари билан жиҳозланган босмахона фаолият кўрсатмоқда.

 

   

Ҳақиқий вазиятга яқинлаштирилган шароитларда амалий машғулотлар ўтказиш учун Академиянинг шаҳардан ташқаридаги ҳарбий дала ўқув маркази мавжуд. Бу ерда 600 кишига мўлжалланган маъруза зали, ўқув синфлари, тактик шаҳарча, оммавий қирғин қуролидан сақланиш шаҳарчаси, ҳаво кемасида қуролланган жиноятчиларни қўлга олиш операцияларини ўрганиш учун «ЯК–40» самолёти, «СХРОН» ер ости мажмуаси; автомат, карабин, снайперлар милтиғи ва тўппончадан ўқ отиш майдони мавжуд.

Академия шахсий таркибига икки ошхона, Қорасув дарёсининг манзарали соҳилида жойлашган чойхона, кафе, буфет, дўкон, киоск хизмат кўрсатади.

Бу ерда тингловчилар ва ходимларнинг соғлиғи ва дам олиши ҳақида ғамхўрлик кўрсатишга катта эътибор қаратилади.

Академия ҳудудида 30 ўринга мўлжалланган тингловчилар «миниполикникаси» фаолият кўрсатмоқда.

Академия ҳудуди ва унинг атрофига 40 мингдан ортиқ арча, қарағай ва бошқа игнабаргли дарахтлар экилган. Бутун ҳудуд кўкаламзорлаштирилган, гулзорлар яратилган, 10 та фаввора ишлаб турибди.
Умуман олганда, замонавий талабларга жавоб берадиган ҳамда Академия ўқув-тарбия жараёнининг самарадорлигини оширишга имкон берувчи моддий-техника базаси яратилган.

 

 

 

   
 

    © Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2011