|
Академия барпо бўлишининг қисқа тарихи
|
Ўрта Осиё ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун кадрлар тайёрлаб берадиган энг йирик олий таълим муассасаларидан бири бўлган ИИВ Академиясининг тарихи 1932 йилда Тошкент ўрта махсус милиция мактаби ташкил этилиши билан бошланган. У 25 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ички ишлар органлари учун юрист (ҳуқуқшунос) кадрлар тайёрлаб берувчи ягона махсус ўқув юрти бўлган. |
 |
| |
Мактаб курсантлари маршда (1932 й.) |
 |
1958 йилда Тошкент шаҳрида РСФСР Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги Москва олий мактаби сиртқи таълим факультетининг бўлинмаси ташкил қилинган. Ўша йилнинг ўзида сиртқи таълим тингловчиларининг дастлабки танлови бўлган. 1961 йилда биринчи битирув маросими бўлган. Сиртқи бўлимни Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон ИИВнинг ходимларидан иборат 48 нафар тингловчи битирди. |
|
Машғулотларда (1958 й.) |
|
Ўрта Осиё минтақаси ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганлиги сабабли 1964 йил 1 августда Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарори билан бўлим Тошкент сиртқи таълим факультетига айлантирилган. Унда учта кафедра – махсус фанлар, юридик фанлар ва ижтимоий фанлар кафедралари ташкил қилинган. 1964 йил сентябрь ойида факультет қошида кечки бўлим очилади. Унда Тошкент гарнизони ички ишлар органларининг 50 нафар ходими таълим олади. 1965 йилда ўқув бўлими ташкил этилгач, методик ва ўқув тарбиявий ишлар сезиларли даражада жонланди. Бу вақтга келиб, Тошкент сиртқи таълим факультети 300 дан ортиқ
ҳуқуқшунос-юристларни тайёрлаб чиқарди. Бироқ у Ўрта Осиёдаги барча республикалар ички ишлар органлари учун юқори малакали органлар тайёрлаш муаммосини тўлиқ ҳал эта олмас эди.
|

|

|
|
Тингловчиларнинг биринчи қабули (1967 й.) |
Тошкент Олий мактабининг биринчи бошлиғи
генерал-майор Т.А.Джалилов |
Ўзбекистон Министрлар Совети (Вазир Кенгаши)нинг 1967 йил 23 октябрь қарори билан сиртқи таълим факультети асосида СССР Жамоат тартибини сақлаш вазирлигининг Тошкент олий мактаби ташкил этилди. Унда илмий тадқиқот ва таҳририят-ноширлик гуруҳи очилди; ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик жорий этилди. Ўқишга биринчи танловда 85 нафар тингловчи, жумладан, уларнинг ярми милиция офицерлари қабул қилинди. 1968 йил сентябрь ойида Душанбе ва Ашхобод шаҳарларида 2 та ўқув-маслаҳат пункти ташкил этилади. 1968 йил июль ойида мактаб тингловчилари илк бор ҳарбий қисимнинг Ўртасарой қишлоғидаги ҳарбий дала лагерига чиқдилар. У ерда жанговар ва жисмоний
тайёргарлик нормативларини топширдилар. 1972 йил бошида Красногорск яқинида мактабнинг ҳарбий дала ўқув маркази қурилиши учун жой ажратилди.
|
70-йиллар бошида Академиянинг ҳозирги мажмуи қурила бошлади. Бир неча йил мобайнида ўқув бинолари, иккита ётоқхона, ошхона, плац, клуб, спорт мажмуи, ҳарбий дала ўқув маркази қуриб битказилди. |

|
| |
Янги биноларнинг қурилиши (1973 й.) |
1971 йилда кундузги таълим тингловчиларининг биринчи битируви бўлди. Уларнинг сони кўп эмас – 32 нафар эди, ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш эҳтиёжи эса доимий равишда ўсиб борди. Шу боис 1973 йилда мактабга тингловчилар қабул қилиш икки баравар кўпайтирилди. Малака ошириш курслари факультетга айлантирилди. Унда ҳар йили ички ишлар органларининг тахминан 200 нафар ходими таълим олади. 1980 йилда Душанбе шаҳрида ўқув-маслаҳат пунктлари асосида сиртқи таълим факультетининг бўлими, малака ошириш факультети қошида эса дари (форсий) тили таржимонларини тайёрлаш бўйича махсус курс ташкил этилади. Тегишли кафедра ҳам
ташкил этилди. Бир йилдан сўнг ушбу курс факультетга айлантирилди. 80-йиллар ўрталарига келиб мактабда кундузги таълим, сиртқи таълим, малака ошириш факультетлари, дари тили таржимонларини тайёрлаш бўйича махсус факультет ҳамда ёнғинга қарши техника ва хавфсизлик муҳандислари факультети фаолият кўрсата бошлади. Ёнғинга қарши техника ва хавфсизлик муҳандислари факультети 1984 йилда мактаб таркибидан чиқарилади ва унинг асосида кейинчалик Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техника мактаби ташкил қилинди. 1988 йилда махсус факультет тугатилди. 1988 йил январь ойида сиртқи таълим факультетининг меҳмонхонали янги биноси фойдаланишга топширилди.
|

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири
генерал-полковник З.А.Алматов Академиянинг Жанговор Байроғини топширмоқда |
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, собиқ Иттифоқ Ички ишлар вазирлигига қарашли Тошкент Олий мактаби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тасарруфига ўтказилди ва ўқув юртларининг тузилишини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органлари ва бўлинмалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 сентябрдаги қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва Ўрта махсус мактаблари негизида Ички ишлар вазирлиги Академияси ташкил этилди. |
|
|
Академиянинг асосий вазифаси ички ишлар органларининг олий бошлиқлар ва бошлиқлар таркибини тайёрлаш, ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш муаммоларини тадқиқ этиш, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш этиб белгиланди. Ўтган қисқа давр мобайнида мазкур олий даргоҳдаги барча бино ва иншоотлар, ўқув хоналари, спорт комплекслари, ҳарбий дала ўқув маркази, маданият саройи, кутубхона, ошхона, ётоқхоналар қайта қурилди, кенг миқёсли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.
Дастлабки йилларда таълим мазмунини янгилашга доир вазифалар ҳал қилинди: ўқув жараёнини ташкил этиш тубдан қайта кўриб чиқилди, унга янги фанлар киритилди, намунавий дастурлар ишлаб чиқилди. Улар асосида янги дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар, маърузалар курслари чоп этилди, ўқув жараёнини ташкил этишнинг норматив-ҳуқуқий базаси яратилди. 1995–1997 йилларга келиб ўқув жараёни янада такомиллаштирилди. Таҳририят-ноширлик фаолияти жонланди, тингловчиларни давлат тилида ёзилган дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
1998 йилдан бошлаб Академияда олиб борилаётган таълим-тарбия ишлари 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида тубдан ислоҳ қилинди.
Илмий тадқиқот ишлари кенгайтирилди ҳамда ички ишлар органларида қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши кураш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил қилиш ва ўтказишга қаратилди.
Докторантура ва адъюнктура фаолияти жадаллашди, ўзбек ҳуқуқшунос олимларининг янги авлоди шаклланди. Таълим муассасаси таркибида ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети негизида Олий академик курс ташкил этилди. Бу ерда ички ишлар органлари тизимининг бошқарув кадрлари тайёрланмоқда.
Замон талаблари ва вазифаларидан келиб чиққан ва хорижий мамлакатларнинг полиция маҳкамалари тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда ички ишлар органлари офицерларининг малакасини ошириш факультети ишида янгича ёндашув қарор топди. Ҳозир бу ерда ҳар йили ички ишлар органларининг юзлаб ходимлари ўз малакаларини оширадилар ва қайта тайёрланадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 19 июлдаги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 сентябрдаги қарорига асосан Ички ишлар вазирлиги Академияси тузилмасида Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслар ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ички ишлар идоралари бирламчи бўлинмаларининг моҳирона бошқарувини таъминлаш, мураккаб вазиятларга қисқа фурсатларда мослашиб, кескин вазиятларда тўғри қарорлар чиқара оладиган юксак жанговар, ахлоқий-маънавий, руҳий фазилатларга эга бўлган сержант ходимларни тайёрлашдан иборат. Ҳозирги кунда Ички ишлар вазирлиги Академиясида тингловчилар ва курсантларни
ўқитиш жараёнида жиноятчиликка қарши кураш амалиёти билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда тингловчилар ва курсантлар республикамиз ички ишлар органларининг турли хизмат ва бўлинмаларида амалиёт ўтайдилар, ихтисослашган кафедраларга эса амалиётда ишлаб тажриба орттирган ходимлар жалб этилмоқда. ИИВ Академиясининг жамоаси бугунги кунда янги илғор педагогик технологиялар, замонавий компьютерлар, ўқув-методик комплекслар асосида халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳушёр туриб ҳимоя қиладиган, соф виждонли, ҳалол ва пок, керак бўлса Ватан учун жонини ҳам фидо қиладиган ҳақиқий ўғил-қизларни ўқитиб, тарбиялашдек юксак
масъулиятли вазифани бажаришда пешқадамлик қилмоқда.
|