|
|
Биринчи курс тингловчиларининг
қасамёди |
1
сентябрь Академияда биринчи ўқув курси тингловчилари Ўзбекистон
Республикаси ички ишлар ходимларининг қасамёдини тантанали равишда
қабул қилдилар. Бу галги қасамёд тарихий -
Мустақиллигимизнинг шонли 20 йиллиги нишонланаётган қутлуғ кунда
бўлаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Академия саф майдонида ҳозир бўлганлар қалбида
байрамона кайфият ҳукмрон. Бўлажак осойишталик посбонларининг кийган
либослари жуда ярашиб турибди. Шу билан бирга, залворли вазифани ҳам
зиммасига юкламокда.
Қасамёд қилиш тантанасига Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташриф
буюришди. Тадбирни Академия бошлиғи, полковник Ш. Икрамов очар экан,
барчани байрам билан табриклади ҳамда ота-она учун фарзанди камолини,
эл корига ярайдиган инсон бўлишини кўришдан ортиқроқ бахт йўқлигини
мамнуният билан таъкидлади.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б.Матлюбов
минбарга кўтарилгач, Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий
курслари бошлиғи, полковник С. Тангирбердиев Академия шахсий таркиби
қасамёд қабул қилиш тантанасига сафланганлиги тўғрисида ахборот
берди. Биринчи босқич тингловчилари бирин-кетин Ватани, халқи ҳамда
Президентига содиқ бўлишга қасамёд қилишди.
Анъанага мувофиқ аъло ўқиши, намунали хулқи,
жамоат ишларидаги фаоллиги билан сафдошларига ўрнак бўлаётган
тингловчиларни "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
стипендиати" Фахрий ёрлиғи билан такдирлаш тўғрисидаги республика
Ички ишлар вазирининг буйруғини вазир ўринбосари, полковник А.
Мирзаев ўқиб эшиттирди. Генерал-лейтенант Б. Матлюбов вазир
стипендиатлари - 4-босқич тингловчиси Нафиса Хўжанова, 3-босқич
тингловчиси Дилмурод Алимуҳамедов ҳамда 2-босқич тингловчиси
Сарвиноз Душановаларга Фахрий ёрлиқларни топшираркан, уларнинг
келгусидаги фаолиятларига муваффақият тилади.
Табрик учун сўз Ички ишлар вазири,
генерал-лейтенант Б.Матлюбовга берилди. Вазир қасамёд қилган
тингловчиларга яратилган имкониятлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда
устоз-мураббийлар билим ва тажрибаларидан унумли фойдаланиб, етук
мутахассис кадрлар бўлиб етишишлари лозимлигини таъкидлади. Ана
шундай жасур ва мард ўғил-қизларга таълим-тарбия берган ота-оналар
ҳамда устозларга миннатдорлик билдирди. Уларнинг қасамёдни
оқлашларига умид билдираркан, жумладан шундай деди:
- Юртимиз тинчлиги ва фуқароларимиз хавфсизлигини
таъминлашга қодир, танлаган касбига меҳр қўйиб, адолат билан иш
юритадиган, ички ишлар идоралари ходими деган юксак номга муносиб
бўлган, хизматда ва аҳоли ўртасида юксак маданият намуналарини
кўрсата оладиган, ўз касбини севадиган фидойи ходимларгина ички
ишлар идоралари сафида бўлмоғи керак.
Бундан буён асосий вазифангиз - Академияда
ўрнатилган тартиб-интизомга риоя қилган ҳолда аъло баҳоларга ўқиш,
намунали хулқни намоён этиб, одобингиз ва жамоат ишларида фаол
иштирокингиз билан барчага ўрнак бўлишдан иборатдир. Қабул қилган
қасамёдингизга умрбод содиқ қоласиз ва уни билимга чанқоқлик,
намунали интизом ҳамда фидокорона хизматингиз билан оқлайсиз, деган
умиддаман.
Шундан сўнг профессор-ўқитувчилар номидан кафедра
бошлиғи, полковник Бахтиёр Зокиров ҳамда ота-оналар номидан Шоҳида
Соиповалар сўзга чиқиб, эл-юрт осойишталигини асрашдек муқаддас
вазифани бажаришга шай турган ёшларнинг берилган топшириқларни
виждонан ва сидқидилдан адо этишлари, ота-онаси ҳамда устозлари
ишончини оқлашларида омад ёр бўлишини тилади.
Биринчи босқич тингловчиси Рустам Абдуллаев ҳамда учинчи босқич
тингловчиси, Ички ишлар вазирининг стипендиати Дилмурод
Алимуҳамедовлар қасамёд қабул қилганларни ҳамда йиғилганларни байрам
билан табриклаб, юртга садоқат билан хизмат қилишга тайёр
эканликларини таъкидлашди.
|