|
 |
Хитой Халқ
Республикаси делегациясининг дўстона ташрифи |
 |
Академия жиноятчиликка қарши кураш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг
муҳимлигини тушунган ҳолда чет давлатлар полиция ташкилотлари
вакиллари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш
борасидаги фаолиятини доимий равишда ривожлантириб келмоқда. Бундай
ҳамкорлик ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари бўлажак ходимларининг
касбий тайёргарлик даражасини ошириш борасида турли мамлакатлардаги
ҳамкасблар ўртасида тажриба алмашишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги
вазирлигидаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлигимиз фаол ривожланмоқда.
2011 йил 1 ноябрь куни ИИВ Академиясига Хитой Халқ Республикаси
Жамоат хавфсизлиги вазирининг ёрдамчиси Терроризмга қарши кураш
департаментининг бошлиғи Ли Вей бошчилигидаги вакиллар делегацияси
ташриф буюрди. Делегация билан бирга Ўзбекистондаги ХХР
элчихонасининг вакиллари – элчихона маслаҳатчиси Цюй Юньхай ва
полиция атташеси Ли Синькан ташриф буюрдилар.
Академия бошлиғи полковник Ш.Т.Икрамов делегация билан учрашувда
ҳозирги кунда кенг тус олган трансмиллий жиноятчилик, терроризм,
одам савдоси, қурол-яроғ ва наркотикларни ғайриқонуний муомалага
чиқариш, жиноий даромадларни легаллаштириш каби ҳодисалар дунё
миқёсидаги халқаро муаммога айланмоқда ва уларга қарши курашиш
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жумладан Ўзбекистон ва Хитойдаги
тегишли идораларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва яқин
ҳамкорлик қилишни талаб этаётганлигини таъкидлади. Полковник
Ш.Т.Икрамов шу йилнинг май ойида Хитойга ички ишлар вазири
генерал-лейтенант Б.А.Матлюбов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси
ИИВ делегацияси ташрифи бўлиб ўтганини ҳам таъкидлаб ўтди.
Вазирликларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари қаторида
ички ишлар идоралари кадрлари касбий тайёргарлигини такомиллаштириш
масалалари кўриб чиқилди. Хитой Жамоат хавфсизлиги халқ университети
ҳамда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Академияси ўртасидаги
ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга имзо чекилди.
Учрашув давомида меҳмонлар Академия фаолиятининг асосий
йўналишлари, Академиянинг тузилиши, таълим жараёнининг ташкил
қилиниши, илмий тадқиқот фаолиятининг йўналишлари билан танишдилар.
Делегация вакилларини Академия ўқув-тарбия жараёнига замонавий
ахборот ва телекоммуникация технологияларини жорий этиш масалалари
қизиқтирди. Амалий музокаралар доирасида Ўзбекистон ва Хитойда
кадрлар касбий тайёргарлигини ташкил этишга оид масалалар кўриб
чиқилди.
Ташриф чоғида меҳмонлар Академиянинг моддий-техник базаси билан
танишдилар. Улар Инновацион педагогик технологиялар маркази, Тест
маркази, Криминалистик полигон, кутубхонада бўлдилар. Жисмоний
тайёргарлик кафедрасидаги Академия спортчиларининг намунали
чиқишлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ташриф самимий ва дўстона руҳда ўтди, делегация аъзолари
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида малакали кадрлар тайёрлаш
юксак даражада ташкил этилганлигини таъкидладилар.
|