|
2011 йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар
вазирлиги Академияси Мураббийлар Кенгашининг ташаббуси билан таълим
муассасасига янгидан ишга келиб оталиққа олинган ходимлар ва
уларнинг мураббийлари билан мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини
сақлаш учун Ички ишлар вазирлигининг масъул лавозимларида узоқ
йиллар ишлаб, улкан ҳаёт йўлини босиб ўтган ва ҳозир жиноятларнинг
олдини олиш кафедрасида таълим бераётган истеъфодаги полковник Анвар
Қаюмович Девятов билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Академия
кафедра, бўлим ва хизматларининг таклиф қилинган тажрибали мураббий
ходимлари, ўқув муассасасига янгидан ишга қабул қилинган офицер,
сержант ва сафдорлар таркибидан бўлган ходимлар қатнашдилар.
|
 |
 |
Маълумки, ҳозирги кунда ёш авлодни Ватанимизнинг муносиб
фарзандлари бўлиб етишишлари учун муқаддас анъаналар, қадриятлар
руҳида юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш давлат сиёсати
даражасига кўтарилди. Шу муносабат билан А.Қ. Девятов мазкур
учрашувда ўзининг ички ишлар идораларида ишлаган йилларидаги
мураккаб, аммо қизиқарли ва шарафли хизмати, иш жараёнида
учраган кутилмаган ҳодисалар, турли вазиятлар ҳамда уларни
бартараф этиш йўллари, ҳаётидаги бошқа ибратли воқеалар ҳақида
сўзлаб берди. У ички ишлар идораси ходими касби доимо
меҳнатсеварлик, сабот ва матонатни, мардлик ва жасурликни талаб
қилишини уқтирган ҳолда, бунинг учун шу соҳада хизмат қилаётган
ҳар қайси ходимнинг, ким бўлишидан қатъи назар, виждон амрига
бўйсуниши, кишилар билан муносабатда самимий, хушмуомалада бўлиб,
касб маданияти талабларига риоя этиши, тафаккурини бойитиб
бориши, қонунлар ва норматив ҳужжатларни, Вазирликнинг касбга
доир буйруқ ва кўрсатмаларини пухта ўзлаштириб, уларга қатъий
риоя қилиши кераклигига алоҳида урғу берди.
А.Қ. Девятовнинг таълим-тарбия ва маънавиятни оширишга доир
қизиқарли ва мазмунли суҳбати амалиётдан келиб, илмий-тадқиқот
ишлари билан шуғулланаётган ёш тадқиқотчилар ҳамда хизматни энди
бошлаётган ходимлар учун фойдали насиҳат, ўгит сифатида қадрлидир.
Тадбир якунида истеъфодаги полковник А.Қ. Девятовга гуллар тақдим
этилиб, мароқли учрашув учун чуқур миннатдорчилик билдирилди.
|