|
|
ЕХҲТ минтақаси мамлакатларнинг ювенал
адлияни ташкил қилиш борасидаги тажрибаси
|

Жиноятчиликка қарши курашнинг ҳозирги амалиёти дунёдаги турли
мамлакатлар миллий полиция тизимларининг ташкил қилиниши ва фаолият
кўрсатиши борасидаги хорижий тажрибани билиш ҳамда амалий фаолиятда
инобатга олиш зарурлигини назарда тутади. Мана бир неча йилдирки, «Ўзбекистон
Республикаси ИИВ Академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун
кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш» лойиҳаси
доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори билан
ҳамкорликда Европанинг полициячи кадрлар тайёрлаш борасидаги
тажрибасини Академия таълим жараёнига жорий этиш (имплементация
қилиш) борасида катта дастур амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда
Академия Европа мамлакатларининг қатор таълим муассасалари ва
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан барқарор алоқаларни йўлга
қўйди. Бунда Ирландия Миллий полицияси билан ўрнатилган шерикчилик
муносабатлари айниқса самарали ривожланмоқда, уларнинг вакиллари
Академияга тез-тез ташриф буюриб турадилар.
2011 йил 22–24 ноябрь кунлари «ЕХҲТ минтақаси мамлакатларининг
ювенал адлияни ташкил қилиш борасидаги тажрибаси» мавзуида
Академияда бўлиб ўтган семинар-тренинг мазкур лойиҳани амалга
оширишнинг навбатдаги босқичи бўлди. Уни Ирландия Республикасидан
полиция фаолияти соҳасидаги халқаро экспертлар – Ирландия Миллий
полицияси Болалар ва ёшлар ишлари бўйича бошқармасининг ходимлари
Энди Тъют ва Вивьен Нэгл ўтказдилар.
|
 |
 |
Семинар-тренингни очиш маросимида ИИВ Академиясининг бошлиғи
полковник Ш.Т.Икрамов сўзга чиқиб, семинар мавзуи бежиз
танланмаганлигини таъкидлади. Вояга етмаганлар ҳуқуқларини
таъминлаш ҳозирги замонда глобал муаммолардан бўлиб, унинг ҳал
қилинишидан бутун дунё аҳли манфаатдордир. Вояга етмаганлар
орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласи жамиятимиз ва
давлатимизнинг диққат марказидадир. Профилактика фаолияти вояга
етмаганлар жиноятчилигининг сабабларини бартараф этиш учун
ижтимоий муносабатларини тартибга солиш воситаларидандир.
Ўзбекистон учун бу айниқса муҳим, чунки вояга етмаганлар
мамлакат аҳолисининг 37 % ини ташкил қилади. Шундай экан, вояга
етмаганларга нисбатан профилактика фаолиятини ташкил қилиш
Европада тўпланган тажриба ва уни мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза
қилиш органларининг фаолиятига жорий этиш имконияти бизда катта
қизиқиш уйғотиши табиий.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори Элчи Иштван
Венцель тренинг иштирокчиларига вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш сиёсатига доир тасаввурларини
кенгайтириш, ЕХҲТ минтақасидаги мамлакатларнинг ювенал адлия тизими
ва иш тажрибасини ўрганиш, уларнинг вояга етмаганлар назоратсизлиги
ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш ишларини ҳуқуқий жиҳатдан
тартибга солиш соҳасидаги билимларини чуқурлаштиришларида ёрдам
беришини таъкидлади.
Семинар ишида Ўзбекистон ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилар
таркибининг вакиллари, Тошкент шаҳар ИИББ, Тошкент вилоят ИИБ,
республика ИИВ профилактика хизматларининг амалиётчи ходимлари
иштирок этдилар.
Ирландиялик экспертлар машғулотлар давомида семинар
иштирокчиларини ЕХҲТга аъзо мамлакатларда ювенал адлиянинг тизими ва
ташкил қилиниш тажрибаси билан таништирдилар. Семинарда ювенал
адлиянинг мақсад ва вазифалари, иш принциплари, унинг асосини ташкил
этувчи ижтимоий назорат масалалари, субъектлари ва объектлари кўриб
чиқилди.
|
 |
 |
Ҳозир дунёда юзага келган вояга етмаганлар жиноятчилиги билан
боғлиқ мураккаб вазият, шунингдек турли мамлакатларда ювенал
адлиянинг фаолияти натижасида тўпланган кўп йиллик тажриба одил
судловнинг ушбу тармоғи вариантларини бирхиллаштириш ва уларнинг
самарадорлигини оширишга қаратилган махсус халқаро принцип ва
стандартларни юза келтирди. Семинар-тренинг давомида экспертлар
ювенал адлиянинг халқаро-ҳуқуқий асосларини, яъни болалар
ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ва декларацияларни,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Вояга етмаганларга нисбатан
одил судловни амалга оширишга доир минимал стандарт қоидалари
(Пекин қоидалари)ни, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Вояга
етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича раҳбарий
принциплари (Ар-Риёд раҳбарий принциплари)ни батафсил кўриб
чиқдилар. Бунда ювенал адлия соҳасидаги халқаро ҳамкорлик
масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Э.Тъют ва В.Нэгл ЕХҲТ минтақасидаги мамлакатлар ювенал
адлиясининг амалдаги моделларини, ювенал адлиянинг норматив-ҳуқуқий
тартибга солинишини, миллий қонунчилик хусусиятларини кўриб чиқдилар.
Ювенал адлия тизимини ташкил қилиш борасидаги «Ирландия тажрибаси»,
ушбу мамлакатда вояга етмаганлар ҳуқуқ ва эркинликларини тартибга
солиш ва ҳимоя қилишга доир ҳуқуқий база семинар-тренинг
иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Экспертлар вояга етмаганлар
назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш билан
шуғулланадиган органлар, ижтимоий реабилитацияга муҳтож вояга
етмаганлар учун мўлжалланган ихтисослашган муассасалар фаолиятининг
ташкил этилиш тизимига батафсил тўхталдилар. Ирландия полиция
органларининг ювенал адлия тизимидаги роли ва ўрнига алоҳида эътибор
қаратилди.
|
 |
 |
Шунингдек, семинар-тренинг иштирокчилари вояга етмаганлар
ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш бўйича профилактик фаолиятнинг
турли йўналишларини, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вояга
етмаганлар ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш, уларни фош этиш,
тергов қилиш, шунингдек уларга оид ишларни суд тартибида кўриб
чиқиш хусусиятлари билан танишдилар. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш
органларининг ювенал адлия ишларини амалга оширишда давлат ва
нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлиги масалалари ёритилди.
Семинар-тренинг давомида унинг иштирокчилари ювенал адлия
соҳасидаги мутахассисларни касбга тайёрлаш тажрибаси билан
танишдилар. Полиция ходимларининг ювенал адлия ишларини амалга
ошириш борасидаги таълим дастурлари ва мазмуни, ўқув
машғулотларининг шакл ва усуллари кўриб чиқилди.
Семинар-тренинг мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари
профилактик фаолиятининг турли жиҳатлари юзасидан кенг фикр алмашуви
бўлиб ўтди. Ўзбекистон ички ишлар идораларидаги профилактика
хизматларининг вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш
борасидаги тажрибаси ирландиялик ҳамкасбларда катта қизиқиш уйғотди.
Академия бошлиғи полковник Ш.Т. Икрамов семинар-тренингга
якун ясар экан, Европа полициясининг фаолият тажрибаси билан
танишиш имконини яратганликлари учун ЕХҲТ лойиҳаларининг
Координатори ва ирландиялик экспертларга самимий миннатдорчилик
билдирди. У бундай тадбирлар турли мамлакатларда яшовчи
ҳамкасблар учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ходимларининг
касбий маҳоратини ошириш соҳасида тажриба алмашишнинг муҳим
воситаси эканлигини ҳамда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва ИИВ
Академияси бундан буён ҳам ушбу йўналишдаги фаолиятини
кенгайтириб боришини таъкидлади.
Тадбир сўнгида семинар-тренинг иштирокчиларига тегишли
сертификатлар топширилди.
|