|
|
«Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида»
асарининг назарий ва амалий жиҳатлари» мавзуидаги республика
илмий-амалий конференцияси
|

2011 йил 22 ноябрь куни ИИВ Академияси Маънавият ва маърифат
марказида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон
мустақилликка эришиш остонасида» асарининг назарий ва амалий
жиҳатлари» мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси
ўтказилди.
Конференциянинг мақсади «Ўзбекистон мустақилликка эришиш
остонасида» номли асарининг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, истиқлол
моҳиятини, “тариxий бурилиш палласида xалқ дарди, миллат қайғуси
буюк шаxсларни яратиши”ни янада чуқурроқ англаш, ушбу ноёб асарни
кенг тарғиб қилиш орқали муқаддас истиқлолимиз қадрига етиш, уни
асраб-авайлаш, мустақилликни мустаҳкамлаш ва ўзликни англашга даъват
этувчи тарихий манба сифатидаги аҳамиятини кенг тарғиб этиш,
пировард натижада мазкур мақсадга эришишга қаратилган таклиф ва
тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Тарихчилар жамияти ва
Шаҳидлар хотираси жамоат фонди раиси, Қатағон қурбонлари хотираси
музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Б. В. Ҳасанов,
“Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист С. Остонов, Тошкент давлат юридик институти,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти,
Сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази,
Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон
Республикаси ИИВ Бирлашган таҳририятидан вакиллар, шунингдек
Вазирлик Академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилар иштирок
этди.
|
 |
 |
Конференцияда «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида»
номли асарининг назарий ва амалий жиҳатлари, хусусан: асарда
тарихий ҳақиқат ва адолатнинг тикланиши масалаларининг ёритилиши;
унда 1989–1991 йиллардаги сиёсий вазиятнинг, мамлакатимизнинг
иқтисодий негизларини мустаҳкамлаш тўғрисидаги фикрларнинг акс
этиши; асарнинг тарихий жиҳатлари, шунингдек миллий ғоя ва
демократик қадриятларнинг уйғунлиги каби қатор долзарб масалалар
муҳокама қилинди.
Конференция дастурига асосан, истиқлолимизнинг йигирма йиллик
тўйи арафасида Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган
“Мустақиллик арафасида ёки шўроларнинг сўнгги талвасаси” фильми
иштирокчиларга тақдим этилди.
|
 |
 |
Конференция якунида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Хусусан, Академия бошлиғи томонидан анжуман иштирокчиларининг
маъруза ва чиқишларидаги маълумотлар, таклиф ва хулосалар
Академия ўқув жараёнига кенг татбиқ этиш, “Маърифат соатлари” ва
“Ижтимоий-сиёсий ўқиш” машғулотларида самарали фойдаланиш учун
умумлаштирилиши, давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон
мустақилликка эришиш остонасида» номли китоби мамлакатимиз
мустақиллик назариясига қўшилган улкан ҳисса эканлиги, асарнинг
бутунлай бирламчи, асл манбалар асосида яратилгани, унинг
тарихий ва илмий қиммати профессор-ўқитувчилар томонидан чуқур
ўрганилиб, ёшлар эътиборига мунтазам равишда етказиб бориш йўлга
қўйилиши, ушбу китоб негизида методик қўлланмалар, услубий
тавсияномалар, ўқув қўлланмалари ҳамда илмий, илмий-оммабоп
нашрларнинг чоп этилиши, шунингдек мамлакатимизда амалга
оширилаётган туб ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти тингловчи ва
курсантларга, кенг жамоатчиликка етказиш учун тегишли ташкилий
амалий, маданий-маърифий тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишларини
амалга ошириш доимий равишда эътиборимиз марказида бўлиши
таъкидланди.
|