|
2011 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Академиясининг ўқув полигонида Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича
олий курслар курсантларининг қасамёд қилиш тантанаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник
А.Ш. Мирзаев, вазирлик соҳавий хизматлари ва Академия раҳбарияти
ҳамда тантанали маросимга таклиф этилган меҳмонлар минбарга
кўтарилдилар. Олий курслар бошлиғи полковник С.К.Тангирбердиев
курсантлар хизмат қасамёдини қабул қилишга тайёр эканликлари
тўғрисида ахборот берди.
Академия бошлиғи полковник Ш.Т.Икрамов тадбирни очар экан,
курсантлар таълим муассасасида чуқур билим олиб, мутахассислик
сир-асрорларини пухта ўрганишлари учун барча шарт-шароитлар
яратилгани, кенг ва ёруғ аудиториялар, маъруза заллари, зарур
техника воситалари улар ихтиёрида эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг курсантлар Ватани, Халқи ва Президентига содиқ
бўлишга қасамёд қилдилар.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник А.Ш. Мирзаев
курсантларни ушбу шодиёна билан табриклар экан, қуйидагиларни
таъкидлади: «Бугун сиз, азиз курсантлар учун ҳаётингиздаги энг
унутилмас, ҳаяжонли кундир, чунки она Ватан олдидаги муқаддас
бурчингизни аъло даражада бажаришга қасамёд қилдингиз. Эл-юрт
тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек масъулиятли ва шарафли
касбни танлаган экансиз, бунда сизлардан, аввало метин ирода ва
юксак касб маҳорати талаб этилади. Шундай экан, ушбу билим
масканида фақат аъло баҳоларга ўқиб, Ички ишлар вазирлиги
томонидан билдирилган юксак ишончни оқлашингиз ва келгусида
хизмат вазифангизни бажаришда бор куч-ғайратингизни сафарбар
этишингизга ишонаман».
Тадбирда курсантларнинг ота-оналари номидан Бўрибоева Ўлмасой
Иброхимовна, Академия профессор-ўқитувчилари номидан Олий курслар
юридик фанлар цикли бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи майор
Бердияров Шуҳрат Намазбаевич, курсантлар номидан Юлдашев Алижон
Абдусаломович сўзга чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ашула ва
рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар
тадбирга хуш кайфият бағишлади.
|