|
|
Наркожиноятчиликка қарши кураш билан
шуғулланувчи ходимларнинг касбий тайёргарлиги методикасига
бағишланган семинар-тренинг |
Бугунги глобаллашган дунёда кенг тус олган наркотикларнинг
ноқонуний айланиши халқаро ҳамжамиятни жиддий ташвишга солиб
келмоқда. Наркотиклар ноқонуний айланишининг турли шакллари бир
қатор хавфли жиноятларни ўз ичига олиб, жамоат хавфсизлигига
сезиларли таъсир кўрсатади, миллатлар соғлиғи ва генофондига катта
хавф туғдиради.
Наркобизнес ва наркотрафик халқаро уюшган жиноий ҳодиса бўлиб,
инсон, жамият ва давлатларнинг хавфсизлигига жиддий хавф туғдиради.
Наркотикларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ уюшган жиноятчилик
тармоқлари бошқа криминал соҳалар билан боғланиб, жиноий алоқалар
ўрнатади.
2012 йил 16–20 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Академиясининг Инновацион педагогик технологиялар марказида
наркожиноятчиликка қарши кураш билан шуғулланувчи ходимларнинг
касбий тайёргарлиги методикасига бағишланган навбатдаги халқаро
семинар-тренинг бўлиб ўтди. Семинар-тренинг наркобизнес ва
наркотрафикка қарши кураш олиб борувчи ходимлар тайёрловини
такомиллаштиришга қаратилди.
Ушбу семинар-тренинг Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон
Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан АҚШ Адлия вазирлиги
Наркотикларга қарши кураш бошқармаси (DEA) Тренинг офиси Марказий
Осиё ҳудудий инструкторлар командасининг катта инструкторлари
Альфред Сзерский, Кевин Блер ва Дэвид Вилсонлар томонидан АҚШ
элчихонасининг Наркотикларга қарши курашиш бўйича атташе офисининг
ходимлари кўмагида ўтказилди.
ИИВ Академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник М. Т.
Турғунов ушбу тадбирни очар экан, таълим муассисида бошқа
давлатлардаги ҳамкасблар билан, жумладан АҚШ мутахассислари билан
халқаро муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор
берилаётганлигини алоҳида қайд этди. У ушбу семинар-тренингнинг
Академия профессор-ўқитувчилари учун муҳим аҳамият касб этишга урғу
бериб, ушбу таълим даргоҳида наркотикларнинг ноқонуний айланишига
қарши курашиш бўйича мутахассислар тайёрлови амалга оширилишини
таъкидлаб ўтди.
|
 |
 |
Элчихонанинг наркотикларга қарши курашиш бўйича атташеси
Кристофер Мелинк ушбу семинар-тренингнинг асосий вазифаси
наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича иш
олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини
ўқитишда турли инновацион технологиялар ва интерфаол усулларни
ишлатиш бўйича тадбир қатнашчиларининг малакасини ошириш
эканлигини айтиб ўтди. У семинар жараёнида ўзбекистонлик ва
америкалик ҳамкасблар ушбу йўналиш бўйича касбий тажриба
алмашишларига ва бу тадбир ҳар икки томон учун ҳам фойдали
бўлишига ишонч билдирди.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Академияси профессор-ўқитувчилари вакиллари ҳамда Олий академик курс
тингловчилари иштирок этдилар.
DEA мутахассислари беш кун мобайнида ўзбекистонлик
ҳамкасбларига Наркотикларга қарши курашиш бошқармаси
академиясида қўлланиб келинаётган инновацион педагогик
технологиялар ва интерфаол ўқитиш усулларига асосланиб, турли
хил машғулотлар ва тренингларни ташкиллаштириш ва ўтказиш малака
ва кўникмаларини ўргатдилар.
Тадбирда ўқув жараёнининг самарадорлигини таъминлайдиган,
ўрганувчиларни фаол мустақил иш олиб боришга ундайдиган замонавий
кўргазмали қуроллар ва техник воситаларидан фойдаланиш масалаларига
эътибор қаратилди.
Семинар-тренинг қатнашчилари наркожиноятчиликнинг ҳозирги ҳолати,
унга қарши курашнинг ҳудудий ва халқаро доирада амалга оширилиши
лозим бўлган кенг қамровли масалаларини кўриб чиқдилар.
Тренинг жараёнида америкалик ва ўзбекистонлик ҳамкасблар
ўртасида фикр-мулоҳаза ва тажрибалар алмашилди.
Ушбу ўқув курсига якун ясар экан, ИИВ Академияси бошлиғининг
биринчи ўринбосари подполковник М. Т. Турғунов америкалик
ҳамкасбларга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари
ходимларининг касбий тайёргарлик ишларига қўшган муносиб ҳиссалари
учун чуқур миннатдорчилик билдирди.
АҚШ элчихонасининг Наркотикларга қарши курашиш бўйича
атташеси Кристофер Мелинк ўзи ва Наркотикларга қарши курашиш
бошқармаси академияси вакиллари номидан ИИВ Академияси
раҳбариятига ушбу семинар тренингни ўтказиш учун имконият ва
шароит яратиб берганлиги ҳамда Академиянинг барча ходимларига
семинар-тренингни юқори ташкилий даражада, ўзаро ҳамкорлик
руҳида ўтказишда ўз ҳиссасларини қўшганликлари учун
миннатдорчилик билдирди.
Семинар тренинг якунлари бўйича иштирокчиларга тегишли
сертификатлар топширилди.
|