І O'zbekcha І Ўзбекча І Русский І     

 

 

 

 

 

Алоқа учун маълумот:

Манзил:

100197, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш,  Интизор кўч, 68.

Тел.:

265-22-52 (навбат.),

265-17-53 (факс),

265-13-55 (котибият).

E-mail:

akadmvd@uzsci.net

 

 

 
Rambler's Top100
 

 

 

 

Қасамёдга содиқ бўл, ўғлон!

 

Мамлакатимизда кутлуғ айёмлар - Мустақиллигимизнинг 18 йиллиги ва пойтахтимиз азим Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги нишонланаётган муборак кунларда анъанага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ИИВ олий таълим муассасаларида биринчи курсга қабул қилинган йигит ва қизларнинг юрт тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш, она-Ватанни кўз қорачигидек авайлаб-асраш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қасамёд қабул қилиш тантаналари бўлиб ўтди.

Уларнинг энг улуғ, энг азиз айём куни қасамёд қилишларида улкан рамзий маъно бор. Бу уларнинг ҳуррият сабабли шундай буюк бахтга эришиб турганлигига, энг олий неъматимиз бўлмиш - тинчлик ва осойишталикни асрашга масъул эканликларига ишорадир. Юртга бўлган меҳру муҳаббатини, садоқатини қасамёдда битилган сўзлар билан уйғун тарзда изҳор этишга, она-Ватан шаънини юксакларга кўтаришга тайёр туришибди.

... Республика ИИВ Академияси саф майдони узра байрамона руҳ кезмоқда.

Республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов ва меҳмонлар минбарга кўтарилди. Академия шахсий таркиби қасамёд қилиш тантанасига сафланганлиги маълум қилинганидан сўнг, тингловчилар бирин-кетин Ватанига, халқига, Президентига содиқ бўлишга қасамёд қилишди.

Академияда аъло ўқиши, намунали хулқи, жамоат ишларида фаол иштироки ва ташкилотчилик қобилиятини яққол намоён қилиши билан сафдошларига ўрнак бўлиб келаётган уч нафар тингловчини «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг стипендиати» Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш тўғрисидаги республика Ички ишлар вазирининг буйруғини вазир ўринбосари, полковник Ш.Икрамов ўқиб эшиттирди. Генерал-лейтенант Б.Матлюбов стипендиатларга Фахрий ёрлиқни топшираркан, уларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларига муваффақият тилади.

Шундан сўнг республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б.Матлюбовнинг маърузаси тингланди. Вазир ҳозиргина қасамёд қабул қилган йигитларга қарата яратиб берилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, Академия профессор-ўқитувчилари, устоз ва мураббийлар ёрдамида зарурий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари ва етук мутахассис кадрлар бўлиб етишишлари лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, тингловчиларнинг келажакда фидокорона хизмат билан халқимиз ишончини ҳамда қабул қилган қасамёдларини оқлашларига умид билдирди.

- Академиямизда тингловчиларнинг пухта билим эгаллашлари учун барча шароитлар етарли, - дейди ўқув бўлими бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар номзоди, подполковник Тўлқин Маматқулов. - Ҳозирда уларнинг таълим олиши учун замонавий моддий-техника базаси яратилган. Кенг, ёруғ ўқув аудиториялари, маъруза заллари, ўқитишнинг замонавий усулларидан унумли фойдаланиш учун зарурий техника воситалари тингловчилар ихтиёрида.

- Фарғона вилояти Учкўприк туманидан келдик, - дейди биз билан суҳбатда Маърифатхон Султонова. - Уғлим Бахтиёржон ўтган йили Академияга ҳужжатларини топшириб, тест синовларидан ўтолмаганди. Мана, бу йил аҳдига содиқ фарзандим тингловчи деган шарафга сазовор бўлди. Ниятим, энди у мардларга хос шижоат билан юрт осойишталигига ҳисса қўшсин.

- Ўғлим Бегзод Маматкаримовни тингловчилар сафида кўриб хурсанд бўлдим, - дейди зоминлик Абдурашид Маматкаримов кўзида севинч ёшлари қалқиб. - Ўтган йили қизим Манзура шу билим даргоҳини тергов йўналиши бўйича битирган эди. Опасига ҳавас қилиб ўғлим ҳам ички ишлар ходими бўлйшга аҳд қилди. Илоҳим, ҳаммалари ниятларига етишсин. Биз ота-оналар фарзандларимизнинг эл корига яраб, сидқидилдан хизмат қилишидан ҳар доим фахрланиб юрайлик.

Тадбирда ИИВ Ашула ва рақс ансамбли иштирокчилари ўзларининг куй-қўшиқлари ва дилрабо рақслари билан барчани хушнуд этишди.
 

Ўз мухбиримиз
 

"Постда" газетаси, 2009 йил, 5 сентябрь, № 36 (3826)

 

   
 

    © Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2009