|
Назарий билимлардан амалиётга |
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ички ишлар
идоралари тизимларига малакали мутахассис-кадрлар етиштириб берувчи
нуфузли илм даргоҳларидан биридир. Битирувчиларнинг ўз танлаган
соҳалари бўйича ҳақиқий билимдонлар бўлиши учун ўқув даргоҳида барча
шарт-шароитлар яратилган. Ўкув йиллари мобайнида олган билимлари,
ўзлаштирган кўникмалари, амалиётда уларни кўллай билиш маҳоратини
давлат имтиҳонларидан олдин яна бир бор синаб, имтиҳон қилиш
мақсадида мана бир неча йилдирки, Академияда «Финал» тадбирини
ўтказиш анъанага айланган.
Тадбир ҳар бир йўналиш бўйича махсус тайёрланган
режага асосан ўтказилади. Белгиланган ўқув комплекс машқларини
сифатли ва амалиётга боғлаган ҳолда ўтказиш, самарадорлигини
таъминлаш мақсадида маслаҳатчи сифатида ички ишлар идораларининг
тажрибали амалиётчи ходимлари жалб қилинди. Шунингдек, албатта,
топширикларни олган курсантлар ихтиёрига зарур илмий адабиётлар ва
қўлланмалар, ҳужжатлар намуналари, турли йиғмажилдлар макетлари,
техник ва бошқа воситалар ҳавола этилган.
Топшириқларда «Жиноятларнинг олдини олиш
фаолияти» мутахассислиги бўйича битирувчиларнинг қийин, фавқулодда
вазиятларда фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш, тезкор ва тўғри
қарор қабул қилиш сифатларини шакллантириш, айниқса, вояга етмаган
шахслар билан мулоқотга кириша билиш, маиший турмуш соҳасидаги турли
низолар оқибатларининг олдини олиш, ўз вақтида, адолатли ҳал қилиш,
муқаддам судланган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш
масалаларини ижобий ҳал этиш, фуқароларнинг ариза-шикоятларини кўриб
чиқиш каби масалалар борасидаги билимлари синалса,
«Эксперт-криминалистик фаолият» йўналишидаги битирувчилар экспертиза
хулосаларини мустақил равишда тўлиқ ва сифатли тайёрлаш, тергов
ҳаракатлари ва оператив-қидирув тадбирларида техник-криминалистик
воситаларни қўллаш бўйича маълум амалий кўникмаларни,
эскперт-криминалистик тадқиқотларни ўтказишда қонунчилик ҳамда
норматив актларга амал қилиш маҳорати синаб кўрилади. «Тергов
фаолияти» мутахассислиги бўйича ўтказилаётган машғулотларда жиноят
ишини қўзғатиш, ушлаб туриш, воқеа содир бўлган жойни кўздан
кечириш, сўроқ қилиш каби иш жараёнлари бўйича билимлар синалади.
Тадбир давомида эса ҳар бир битирувчи томонидан ўрта ҳисобда юзга
яқин процессуал ҳужжатлар тузилади. Ҳар бир топшириқ имитациялар
орқали амалга оширилади. Масалан, оммавий тадбирлар ўтказиш чоғида
тинчлик ва осойишталик, жамоат тартибини сақлаш кабилар воқеликка
яқин тарзда бажарилиши таъминланди. - Битирувчилар топширилган
вазифаларнинг ижроси бўйича кун давомида ҳисобот бериши талаб
этилади. Бажарилган ишлар ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланади.
Тадбир сўнггида эса битирувчининг умумий баҳосига қараб хулоса
чиқарилади, юқори натижаларга эришган бўлғуси ходимлар Академия
раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совғалар, китоблар, илмий
адабиётлар, иш ҳужжатлари йиғмаси. Фахрий ёрлиқлар, пул мукофотлари
ҳамда ташаккурномалар билан рағбатлантирилади, - дейди ИИВ
Академияси кафедра бошлиғи, полковник Д.Муҳамадалиев. - Етарли
рейтинг баҳоларини тўплай олмаган битирувчиларга эса мураббийлар
бириктирилиб, кўшимча дарслар, машғулотлар ўтилади. Мазкур жараён
ҳар бир тингловчининг битирув имтиҳонлари олдидан билими ва
маҳоратини синаб кўриш имкониятини яратади.
- Ўтказилаётган тадбир эгаллаган билимларимизни
яна бир намоён этиб, ҳадемай бошланадиган амалиёт жараёнига ижобий
таъсир кўрсатади, - дейди 4-курс тингловчиси О.Ҳайдаров. - Ҳар бир
топшириқларни бевосита тажрибали ходимлар назорати остида мустақил
равишда бошлар эканмиз, албатта, ҳаяжон босади. Аммо уларнинг далда
ва кўмаклари, маслаҳатлари туфайли ишга киришиб кетганингизни
пайқамай қоларкансиз. Айтиш мумкинки, мустақил хизматга
киришишимизда бу тадбирнинг ўтказилиши айни муддаодир.
«Финал - 2010» тадбири қатнашчиларидан
З.Мавлонов, А.Акбаров, Д.Мирзаева каби тингловчилар ўз танлаган
мутахассисликлари бўйича юқори рейтинг баҳоларини тўплаб, билим
даргоҳи раҳбариятининг Фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари билан
тақдирланишди.
Муҳаббат Минавварова
"Постда" газетаси, 2010 йил 13 март, № 11
(3852)
|