І O'zbekcha І Ўзбекча І Русский І English І      

 

 

 

 

 

Алоқа учун маълумот:

Манзил:

100197, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш,  Интизор кўч, 68.

Тел.:

265-22-52 (навбат.),

265-17-53 (факс),

265-13-55 (котибият).

Ишонч телефонлари:

265-22-56

265-91-39

265-17-52

E-mail:

akadmvd@uzsci.net

 

 

 
Rambler's Top100
 

 

 

Истиқболи порлоқ йўл

 

Ёш авлодни Ватанга муносиб етук мутахассис ходимлар қилиб тарбиялаш, уларга замонавий фан-техника сирларини мукаммал ўргатиш, юрт фаровонлиги, эл тинчлиги йўлида фидойи инсонлар бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида босқичма-босқич ўтказилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Эндиликда истиқлол фарзандлари ҳар жабҳада ўз ўринини топаяпти, элга муносиб, юрт келажаги йўлида ташаббуслар кўрсатишмоқда.

Буларнинг барчаси замирида давлатимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда «Таълим тўғрисида»ги Қонун мужассам.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ҳам, таъбир жоиз бўлса, кадрлар тайёрлашга ихтисослашган мустақиллик йилларининг илк қалдирғоч ўқув даргоҳларидан биридир. Бу ерда асосан ҳуқуқ-тартибот, эл осойишталиги йўлида тақдирини, келажагини тиккан мард ва жасур ёшлар таълим олади.

Унинг фаолиятига назар солганлар, албатта, бунга амин бўлишади. ИИВ Академияси Республика Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 сентябрдаги қарори ва Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 1994 йил 20 октябрдаги буйруғи асосида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ олий таълимнинг асосий ва қўшимча касбий ўқув дастурлари бўйича таълим берадиган ихтисослашган олий билим даргоҳидир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мустақилликнингдастлабки йилларида ташкил этилган ИИВ Академияси ички ишлар идоралари учун малакали мутахассислар тайёрловчи етакчи ўқув юртига айланди.

Ўкув юртида илғор таълим технологиялари кенг қўлланилади, ўзига хос педагогик методикалар ишлаб чиқилиб, ўкув жараёнига татбиқ этилади, ички ишлар идораларининг фаолияти билан боғлиқ долзарб назарий ва амалий илмий-тадқиқотлар олиб борилади. Жамоа доимо ижодий изланишда бўлиб, ўз фаолиятининг йўналишлари ва мазмунини такомиллаштириб бормокда.

Қисқа даврда у мамлакатимизнинг етакчи таълим муассасаларидан бирига айланди ва замонавий моддий базага ҳамда катта илмий салоҳиятга эга. Шу кунгача 14 мингдан ортиқ малакали мутахассислар тайёрланди, 17 мингга яқин ички ишлар идоралари ходимлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ўташди.

Яна бир жиҳати, ИИВ Академияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар учун мутахассислар тайёрлайдиган Марказий Осиёдаги энг йирик олий ўқув юртларидандир.

Дастлабки йилларданоқ ўқув жараёнини ташкил қилиш тубдан қайта кўриб чиқилди: режага янги фанлар киритилди; намунавий дастурлар ва улар асосида дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар, маърузалар курслари яратилди; таълим жараёнининг тизимлилиги-ни таъминловчи норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.

1995-1997 йилларда ўкув жараёни янада такомиллашиб, таҳририят-ноширлик фаолияти сезиларли даражада жонланди, тингловчилар давлат тилидаги адабиётлар билан таъминлана бошланди.

1998 йил Академияда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг бошланғич босқичи ҳисобланади. «Таълим тўғрисида»ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ ишлар олиб борилиб, илмий-тадқиқот соҳаси сезиларли даражада кенгайди, Докторантура ва адъюнктура фаолияти ҳам жадаллашиб, ўзбек ҳуқуқшунос олимларининг янги авлоди шаклланди, Ички ишлар идоралари учун раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети негизида Олий академик курслар ташкил топди. Замон талаблари ва қўйилган вазифалардан келиб чиқкан ҳамда хорижий мамлакатларнинг полиция маҳкамалари тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда, ички ишлар идоралари офицерларининг малакасини ошириш факультети ишида янгича ёндашув карор топди.

Президентимизнинг 2004 йил 19 июлдаги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 сентябрдаги қарорига асосан, ИИВ Академияси таркибида Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслари ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ички ишлар идоралари бирламчи бўлинмаларининг бошқарувини таъминлаш, мураккаб шароитларга мослашиб, кескин вазиятларда тўғри қарорлар қабул қила оладиган юксак жанговар, ахлоқий-маънавий, руҳий фазилатларга эга бўлган сержант ходимларни тайёрлашдан иборатдир.

Академия жамоаси илғор педагогик технологиялар ва ўқув-методик комплекслар асосида юқори малакали юристлар тайёрлашдек юксак масъулиятли вазифага муносиб ҳисса қўшмокда.

ИИВ Академиясида ички ишлар идоралари учун «Жиноятларнинг олдини олиш фаолияти», «Тергов фаолияти», «Тезкор қидирув фаолияти», «Криминалистик фаолият» мутахассисликлари бўйича олий юридик маълумотга эга бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрланади. Ўқиш тугаганидан кейин битирувчиларга олий маълумот тўғрисидаги диплом ва «юрист» ихтисослиги, шунингдек, «лейтенант» махсус унвони берилади.

Таълимнинг тарбия ва ички ишлар идораларидаги амалий фаолият билан чамбарчас боғлиқлиги Академияда ўқув жараёнини ташкил қилишнинг хусусиятидир. Мутахассислар тайёрлаш дастурига назарий таълим якунланишининг ҳар бир босқичида ўқув амалиёти ва стажировка ўташ назарда тутилган бўлиб, уларнинг тўрт йил мобайнидаги умумий ҳажми 19 ҳафтани ташкил қилади.

Таълим жараёнида тингловчиларни педагогик тестдан ўтказиш усули кенг кўлланилади. Академиянинг замонавий компьютер техникаси билан жиҳозланган тест маркази бир вақтнинг ўзида 100 дан ортиқ тингловчини тест синовидан ўтказиш имкониятига эга ва билимининг ошкора, холисона баҳоланишини таъминлайди.

Умумий китоб фонди 350 минг нусхадан ортиқ ўқув, илмий, махсус, ижтимоий-сиёсий ва бадиий адабиётлар ҳамда даврий ахборот нашрларидан иборат кутубхона ҳам тингловчилар ихтиёрига берилган.

Таълим жараёнини ташкил қилиш ва амалга ошириш борасида Академияда тўпланган тажриба республика ИИВга қарашли олий таълим муассасалари ҳам кенг оммалаштирилган. Таълим жараёнини ўқув-методик таъминлашни такомиллаштириш борасида катта ишлар қилинмокда.

Биринчи босқичда (1994-1997 йй.) республика ички ишлар идоралари тарихида илк бор давлат тилида 50 дан ортиқ намунавий дастурлар, бошқа ўқув-методик материаллар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил қилишга оид норматив-ҳуқуқий база ишлаб чиқилди.

Иккинчи босқичда (1998-2004 йй.) «Таълим тўғрисида»ги қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ таълим жараёни тубдан қайта ташкил қилинди. Кадрлар тайёрлашнинг икки босқичли тизими ва янги таълим стандартларига ўтилиши муносабати билан ўқув режалари, намунавий дастурлар ишлаб чиқилди.

Учинчи босқич (2004 йил сентябрдан бошлаб) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 19 июлдаги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида ички ишлар идоралари мутахассисларини тайёрлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ таълим жараёни «Жиноятларнинг олдини олиш фаолияти», «Тергов фаолияти», «Оператив қидирув фаолияти», «Эксперт-криминалистик фаолият» мутахассисликлари бўйича олий юридик маълумотга эга дипломли мутахассислар тайёрлашга қаратилди.

Ички ишлар идоралари учун раҳбарлар таркибини тайёрлаш 2004 йилда ташкил этилган ва ИИВ Академиясининг мустақил ихтисослашган таълим берувчи бўлинмаси ҳисобланадиган Олий академик курсларда амалга оширилади.

Мазкур курсларнинг асосий вазифаси ички ишлар идоралари учун юксак касб маҳоратига эга бўлган, маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берадиган, жиноятларнинг олдини олиш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини ташкил қилиш ва бошқаришга қодир бўлган раҳбар кадрлар тайёрлашдан иборат.

Олий академик курсларда таълим жараёни махсус ишлаб чиқилган дастур асосида амалга оширилади. У 12 ой мобайнида таълимнинг кундузги шаклида бажаришга мўлжалланган.

Республика ИИВ ходимларининг узлуксиз таълими тизимида ички ишлар идоралари офицерлари таркибини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ички ишлар органлари офицерларининг малакасини ошириш факультетида таъминланади. Ушбу факультет орқали уларнинг касбий билимларини чуқурлаштириш ва янгилашни таъминловчи ихтисослашган таркибий ўқув бўлинмаси ҳисобланади.

Қисқа муддатли таълим жараёнида тингловчилар юридик фанлар эришган замонавий ютуқлар, мамлакатимиз ва хорижий давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш, тергов қилиш соҳасида тўплаган тажриба ҳақида билим оладилар.

Машғулотларни ўтказишга нафақат Академиянинг профессор-ўқитувчилари, балки Ички ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда етакчи мутахассислари, шунингдек, ички ишлар идораларининг тажрибали амалиётчи ходимлари жалб этилган.

Таълим муддати тугаганидан кейин факультет тингловчиларига белгиланган намунадаги сертификатлар берилади.

Ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш самарадорлигини ривожлантиришда асосий эътибор тингловчиларнинг таълим олишларини фаоллаштириш, илғор педагогик тажриба, ўқитишнинг замонавий дидактик воситалари, ахборот ва телекоммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган замонавий таълим усулларини жорий этишга қаратилмокда.

Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати тизимига тингловчилар ва курсантларнинг касбий-ахлоқий баркамоллигини, уларда конституциявий ҳуқуқ, фуқароларнинг эркинлигига риоя қилиш принципларини шакллантиришга қаратилган тадбирлар мажмуи киритилган. У касбий йўналиш, ўқишга номзодларни танлаш, курсантлар ва тингловчиларнинг хизмат фаолиятига мослашувлари, битирувчи тингловчиларнинг касбий фаолиятга мустақил ёндашишларини ўстиришга қаратилган.

Бу борада гуруҳ раҳбарларининг ўзларига бўйсунувчи ходимларнинг, профессор-ўқитувчилар таркибининг тингловчилар ва курсантлар билан олиб борадиган якка тартибдаги тарбиявий ишлари алоҳида ўрин эгаллайди. Тингловчилар билан сиёсий-маърифий машғулотлар мақсадга йўналтирилган ҳолда самарали ўтказилмоқда.

Тарбиявий жараённинг яна бир асосий йўналиши курсантлар, тингловчилар ва ходимлардан сайланган ижтимоий тузилмалар фаолиятини юксалтиришдир. Улар Академия раҳбариятига жамоада соғлом маънавий-руҳий муҳитни сақлаб туришда сезиларли ёрдам кўрсатмокда. Ижтимоий тузилмалар тизимига қуйидагилар киради: фахрийлар кенгаши, кураторлар кенгаши, мураббийлар кенгаши, хотин-қизлар кенгаши, тингловчилар ва курсантлар кенгаши, одоб-ахлоқ суди шулар жумласидан.

Тингловчилар ўртасида ўқув ва хизмат интизоми, тарбиявий ишларни ташкил этиш ҳамда курс раҳбарлари, ўқитувчилар таркиби билан муносабатни шакллантириш бўйича ижтимоий-руҳий аҳвол мунтазам мониторинг қилиб борилади.

Шахсий таркибни тарбиялаш шаклларидан яна бири тингловчиларни оталиқ ишларига жалб қилишдир. Мана, бир неча йилдирки, ўқув юрти Тошкент шаҳридаги 21-Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болаларни оталиққа олган. Тингловчилар ва ўқитувчилар бу ердаги тарбияланувчиларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда.

Курсант ва тингловчилар тарбиясида тантанали маросимлар алоҳида ўрин эгаллайди. Ички ишлар идоралари ходимларининг қасамёдини қабул қилиш, ёш мутахассисларнинг битирув тантанаси, янги ўқув йилининг бошланиши, мукофотланганларни саф олдида такдирлаш - буларнинг ҳаммаси уларнинг касбга муҳаббатини шакллантиришга қаратилгандир.

Маьнавий-маърифий ишларда Академиянинг 1999 йилда ташкил этилган Тарихий-ҳуқуқий музейи алоҳида ўрин тутади. Бу ерда давлатимиз тарихи, ота-боболаримизнинг ҳуқуқий мероси, ички ишлар идораларига кадрлар тайёрлаш тизимининг шаклланиш тарихига оид жуда кўп экспонатлар ва материаллар йиғилган.

Ушбу даргоҳнинг илмий-тадқиқот фаолияти қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва жиноятчиликка қарши кураш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, олинган натижаларни амалий фаолиятга жорий этишга йўналтирилган, Истиқлол йилларида ўз илмий мактабимизни яратиш ва ўзбек олимларининг янги авлодини шакллантириш зарурати юзага келди. Бугун ИИВ Академиясида 16 нафар фан доктори ва 86 нафар фан номзоди, жумладан, 10 нафар профессор ва 48 нафар доцент самарали фаолият кўрсатади.

Мамлакатимиз қонунчилигини шакллантиришда Академия ҳуқуқшунос олимларининг ҳам улкан ҳиссаси бор, Жумладан, олимларимиз Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Солиқ ва Божхона кодекслари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.

Юқори малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш Академия фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир. Номзодлик ва докторлик диссертациялари устида ишлаётган тадқиқотчилар, адъюнктлар, докторантлар сони йилдан-йилга ортиб бормокда.

Илмий-тадқиқот фаолиятига иқтидорли тингловчиларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган, Ижтимоий-гуманитар, умум-касбий ва махсус кафедралар қошида тингловчиларнинг илмий тўгараклари ишлаб турибди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини норматив-ҳуқуқий таъминлашни такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқотларнинг натижаси таҳририят-ноширлик фаолиятида намоён бўлмокда.

Академияда мустақиллик йилларида 1453 номдаги адабиётлар, жумладан, 60 га яқин дарслик, 40 қа яқин маърузалар курслари, 350 дан ортиқ ўқув қўлланмалари, 74 та монография, 21 та илмий мақолалар тўплами, 22 та илмий-амалий ва илмий-назарий конференция, семинарлар материаллари, 900 га яқин ўқув-методик ва бошқа нашрлар чоп этилди, Ўқув жараёнига замонавий ахборот ва педагогик технологиялар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларини тайёрлаш борасидаги илғор халқаро тажрибани жорий этиш бўйича инновацион педагогик ва ахборот технологиялари татбиқ этилмоқда.

Инновацион фаолият педагогик жамоа олдида турган устувор вазифалардан биридир. Шу боис ушбу фаолиятни методик таъминлаш ва таълим дастурларига янгиликларнинг жорий этилишини кузатиб боришда Академия Инновацион педагогик технологиялар маркази етакчи ўрин тутади.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари - инновацион педагогик технологияларни ишлаб чиқиш ва уларнинг таълим жараёнига жорий этилишига кўмаклашиш, Академия ва бошқа олий ўкув юртлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш, энди иш бошлаётган ўқитувчиларни илмий, педагогик ишларга тайёрлаш, халқаро ҳамкорлик ҳамда полиция ходимларини тайёрлашнинг хорижий тажрибасини интеграциялаш бўйича дастур лар доирасида илмий-педагогик лойиҳаларни чет эл ўқув юртлари билан илмий ва биргаликда амалга оширишдир.

Ўкув жараёнини жадаллаштирувчи инновацион ахборот технологиялари ҳам кенг қўлланилади. Ахборот технологияларини ўқув жараёнига жорий этишнинг асосий вазифаси ва пировард мақсади - Академияда барча ўқув, илмий-методик ресурсларни бирлаштирувчи ягона ахборот-таълим маконини яратиш, улардан тингловчи, профессор-ўқитувчиларнинг фойдалана олишларини таъминлашдан иборат. Ушбу мақсадда локал компьютер тармоғи ташкил этилган бўлиб, у таркибий бўлинмаларнинг таълим ресурсларини бирлаштиришга хамда ундан тингловчи ва ходимларнинг фойдаланишларига имкон беради.

Тингловчилар ва профессор-ўқитувчиларнинг интернет орқали халқаро таълим ресурсларидан фойдаланишларини таъминлаш борасида ҳам катта ишлар қилинаяпти.

Жиноятчиликка қарши кураш сохасида халқаро ҳамкорликнинг муҳимлиги халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришга эътиборни кучайтирмокда. Шу сабабли Академия Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, ЕХҲТнинг Стратегик масалалар бўйича полиция фаолияти бўлими, БМТнинг Жиноятчилик ва наркотиклар бўйича Марказий Осиё ҳудудий бошқармаси ваколатхонаси, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Халқаро Қизил Хоч, Фридрих Эберт номидаги фонд, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан яқиндан алоқа ўрнатган.

Шулар қаторида бир қатор хорижий мамлакатларнинг таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳам мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган. Бундай ҳамкорлик бўлажак ходимларнинг касбий тайёргарлигини ошириш соҳасида шериклар орасида тажриба алмашишнинг муҳим воситаси ҳисобланади, Академия ходимлари илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Австрия, Венгрия, Германия, Ирландия, БАА, АҚШ, Туркия, Франция, Чехия, Швеция, Япония ва бошқа қатор давлатларнинг полиция таълим муассасаларида бўлишган, Бундан ташқари, МДҲ мамлакатлари Ички ишлар вазирликларининг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилинади, шунингдек, МДҲга иштирокчи давлатлар ИИВ (полиция) олий таълим муассасалари уюшмаси таркибига киради.

Делегациялар алмашинуви доирасида ўрганилган хорижий мамлакатларнинг ўқув юртлари ва полицияси фаолиятидаги илғор тажрибалар, кадрлар тайёрлашнинг шакл ва усулларини такомиллаштиришда мунтазам қўлланилади.

Олий ўқув юртининг халқаро фаолиятида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Бир неча йилдирки, «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида Академия таълим жараёнига полиция кадрларини тайёрлашнинг Европа тажрибасини имплементация қилиш бўйича катта дастур амалга ошириб келинмокда.

Ушбу лойиҳа илғор информацион ва педагогик технологияларни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун ходимлар тайёрлашнинг халқаро тажрибасини ўқув жараёнига татбиқ этишга, моддий-техник базани замон талабларига мос равишда такомиллаштиришга йўналтирилган.

БМТнинг Жиноятчилик ва наркотиклар бўйича Марказий Осиё ҳудудий бошқармаси ваколатхонаси билан «Ҳудудий ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик тўғрисидаги меморандум иштирокчилари бўлган давлатларда наркотиклар назорати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида интерактив компьютерлаштирилган таълим» лойиҳаси доирасида ҳам шериклик алоқалари фаол ривожланиб бормоқда. Ушбу мақсадда Академияда тегишли йўналишда интерактив компьютерлаштирилган таълим тизимига эга ўқув маркази яратилган.

Ички ишлар идораларининг ходимларини жисмонан соғлом, жамоат хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, юксак ахлоқий принципларга эга комил инсонлар қилиб тарбиялаш Академия олдидаги бош мақсадлардан бири. Шу боис курсантлар ва тингловниларнинг соғлиғини мустақкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Бунинг учун бу ерда замонавий спорт инфратузилмаси шакллантирилган. Футбол, енгил атлетика стадиони, гимнастика шаҳарчаси, сузиш бассейни, теннис корти, ўйинлар учун мўлжалланган зал ва иккита кураш зали мавжуд. Шунингдек, самбо ва дзюдо курашлари, хизмат кўпкураши, енгил атлетика, футбол, волейбол, қўл жанги, юнон-рум, эркин кураш секциялари ҳам ишлаб турибди. Ўқув машғулотларини юқори малакали мутахассислар олиб боришади. Улар орасида спорт усталари, минтақа ва жаҳон чемпионатларининг ғолиблари, совриндорлари бор.

Спортчилар Ўзбекистон миллий терма жамоалар таркибида жаҳон ва Осиё чемпионатларида қатнашиб, самбо, дзюдо, таэквандо, бокс, оғир атлетика, юнон-рум эркин кураш турлари бўйича 350 та, жумладан, 60 дан ортиқ олтин медални қўлга киритишган. Турли йилларда самбо кураши бўйича Академия ходимлари ва тингловчиларидан Ю. Янкина, Е. Зайцева, М. Кадирова, Е. Тулупова, Б. Хўжаев, А. Қурбонов, Э. Ғуломов, Д. Қамбарова, эркин кураш бўйича - тингловчи М. Ибадов Жаҳон ва Осиё чемпионлари бўлишган. Шунингдек, Д. Арипов (юнон-рум кураши) Р. Кутуев ва Ш.Ибрагимов (каратэ), Л. Ли, А. Ким ва М. Ногай (таэквандо) Жаҳон ва Осиё чемпиони унвонига совриндори, Б. Усмонов оғир атлетика бўйича Осиё чемпиони бўлди. Академия жисмоний тайёргарлик кафедрасининг ходими Акобир Қурбонов 1999 йилда Ўзбек миллий кураши бўйича биринчи Жаҳон чемпиони унвонига, 2010 йилда Пекин (Хитой) шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон жанг санъати "Спорт Аккорд" ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. Шу кафедра ўқитувчиси Элдор Ғуломов жанговар самбо бўйича биринчи Жаҳон чемпиони бўлди.

Академияда Осиё самбо федерацияси (ОСФ) муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг президенти жисмоний тайёргарлик кафедрасининг бошлиғи, педагогика фанлари номзоди, профессор Ф. Пўлатовдир.

Ўқув даргоҳининг моддий-техник базасини бугунги кун талаби даражасига келтириш йўлида ҳам кўплаб ишлар қилинди. Жумладан, ҳудудда жойлашган барча бино ва иншоотлар замонавий қилиб капитал таъмирдан чиқарилди: кўркам боғ ҳамда гулзорлар, арча-зорлар яратилди, девор ва арка шаклдаги дарвоза иншоотлари қурилди, кириш-чиқиш назорат пунктлари қайта қурилди.

Тингловчиларнинг фанларни ўзлаштириш даражаларини рейтинг тизимида баҳолаш, СТТОКга қабул қилинувчи номзодларни имтиҳон қилиш мақсадида Тест маркази ташкил этилди ва замонавий компьютерлар билан таъминланди. Шунингдек, маъруза заллари таъмирланиб, тегишли мебель, мультимедиа воситалари билан жиҳозланди, аудиторияларда сунъий иқлим ва вентиляцияни таъминлаш ускуналари ўрнатилди. Ахборот ресурслари марказини яратиш мақсадида умумий ва махсус кутубхона ҳамда уларнинг филиаллари ташкил этилиб, мебель, компьютер воситалари билан жиҳозланди.

Тошкент автомобиллар ҳалқа йўлидаги 2,85 гектарли қаровсиз ер Академия тасарруфига ўтказилиб, кенг миқёсли капитал-таъмирлаш ишлари бажарилгач, ўқув аудиториялари, кафедра ва бўлимлар учун хоналар барпо этилди. Тошкент автомобиллар ҳалқа йўли, Дўрмон йўли кўчаси кесишган ерда жойлашган ташландиқ ҳолда ётган қурилиш беш қаватли маъмурий ва ўқув хоналарига эга бинога айлантирилди.

Академия шахсий таркибининг ҳордиқ чиқариши ва дам олиши учун шароит яратиш мақсадида ҳудудга туташ жойдан оқиб ўтувчи Қорасув дарёси бўйидаги қаровсиз ётган бўш ер ўзлаштирилиб, «Ором» чойхонаси барпо этилди.

Ўқув дала марказида ҳам кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди: барак типидаги эски казармалар ўрнида совуқ ва иссиқдан сақловчи янги типдаги тўртта замонавий шинам модуль-казармалар бунёд этилди. 650 нафар шахсий таркибга мўлжалланган ошхона, маъруза зали, синфхоналар, тактик шаҳарча, ҳарбий машқлар бажариладиган саф майдони қурилиши ҳам истиқлол шарофатидандир.

Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслари учун Академия ҳудудида тўрт қаватли иккита бино ажратилиб, улар замон талаблари асосида ўқув хоналари ва ётоқхонага айлантирилди. Ўқув биносида СТТОК таркибига кирувчи бўлинмаларнинг хоналари, аудиториялар ва кутубхона зарурий ўқув жиҳозлари билан жамланган.

Академия тингловчи ва курсантларига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида муолажа, боғлов, стоматология, жарроҳлик, терапевт, физотерапия, лазарет ва бошка хоналар тўлиқ замонавийлаштирилди. Шу билан бирга, алока воситалари - 400 абонентга мўлжалланган янги рақамли АТС ишга туширилган.

Интизор кўчасида қаровсиз ҳолда ётган, чала қурилган 4 қаватли бино Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан Академия ихтиёрига берилгач, реконструкция ишлари қилиниб, меҳмонхона ташкил этилди. Ҳозир бу жойга хизмат юзасидан ташриф буюрган, шунингдек, ИИВ Академиясига малака ошириш, ўқиш мақсадида келган ички ишлар идоралари ходимлари ва хизматчилари, тингловчи, курсантларнинг ота-оналарига сифатли хизмат кўрсатилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, истиқлол туфайли мазкур ўқув даргоҳи ҳам жамиятимизга етук ҳуқукшунос-кадрлар тайёрлаб бериш соҳасида ўз йўли ва аниқ мақсадига эга бўлди. Ички ишлар соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар туфайли унинг пойдевори янада мустаҳкамланмокда, мақсадга йўналтирилган истиқболли режалр қарор топмокда.

 

 

Сардор Раззоқов, подполковник.

Абдусами Ҳақбердиев.

 

"Постда" газетаси, 2011 йил 13 август, № 33 (3926)

 

 

   
 

    © Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2011