І O'zbekcha І Ўзбекча І Русский І     

 

 

 

 

 

Алоқа учун маълумот:

Манзил:

100197, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш,  Интизор кўч, 68.

Тел.:

265-22-52 (навбат.),

265-17-53 (факс),

265-13-55 (котибият).

Ишонч телефонлари:

265-22-56

265-91-39

265-17-52

E-mail:

akadmvd@uzsci.net

 

 

 
Rambler's Top100
 

 

 

"Ишончингни оқлаймиз, Ватан!"

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизимидаги олий таълим муассасаларида навбатдаги тантанали битирув маросимлари бўлиб ўтди. Қуйида ана шу тадбирлар ҳақидаги репортажлар билан таништирамиз.

Республика Ички ишлар вазирлиги Академияси. Олий таълим муассасаси ҳудудига киришингиз билан сервиқор арчалар ва турфа гуллар бўйи димоғингизни қитиқлайди. Бу ердаги озодалик, саранжомлик кўнгилларга кўтаринкилик бағишлайди. Қўлида даста-даста гуллар кўтарган ота-оналар, ўғли ёки қизини, ёшлар, жажжи болажонлар эса акаларини қутлашга ошиқишади. Бу кун Академия тўртинчи курс тингловчилари битирув маросимига бағишланган тантанаси бўлиб ўтади.

Академия майдонида байрам либосида саф тортиб турган, ҳаяжондан масрур битирувчилар кўнглидан шундай сўзлар ўтган бўлса ажаб эмас: «Ватаним! Мана мен, сенинг фарзандинг, бугун хизматингга шай бўлиб турибман. Сенинг ҳар бир қарич тупроғинг муқаддас, уни кўзимга тўтиё айлагум. Онажоним алласи ҳаққи, берган нон-тузинг ҳаққи сенга сидҳидилдан хизмат қилгайман. Ишончингни оқлайман, Ватан!».

Маълумки, мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида келажагимиз бўлган ёшларнинг камолини кўзлаб кенг кўламли ишлар амалга оширилмокда. Давлат дастурларининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши, ҳукуматимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, албатта, таҳсинга лойикдир. Айниқса, таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгаяётир. Жумладан, замон талабларига мос таълим даргоҳларидан бири бўлмиш республика Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳам эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлида мард ва жасур йигит-қизларни тарбияловчи етакчи билим масканидир. Шу ўринда айтиш жоизки, Академияда тингловчиларнинг билим олишлари, етук мутахассис бўлиб етишишлари учун замон талабларга жавоб берадиган моддий-техник база яратилган. Бу ерда Давлат таълим стандартлари асосида битирувчиларнинг тергов, тезкор-қидирув, жиноятларнинг олдини олиш, эксперт-криминалистика мутахассислиги бўйича жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида хизмат фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган билимлар берилади. Академияда тингловчиларнинг пухта билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганлиги, ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг илғор усуллари жорий этилганлиги, машғулот хоналари, маъруза заллари замонавий ўқитиш воситалари билан жиҳозланганлиги айниқса эътиборга сазовордир.

... Ниҳоят ҳаяжонли дамлар бошланди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б.Матлюбов, вазирлик раҳбарияти, Академия бошлиғи вазифасини бажарувчи, полковник Т.Саитбаев ва бошқа меҳмонлар минбарга кўтарилишди.

Академия ўқув курслари бошлиғи, полковник А.Абдураҳмонов Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б.Матлюбовга шахсий таркиб тантанали тадбирга сафланганлиги тўғрисида ахборот бергандан сўнг барча орзиқиб кутган диплом топшириш тантанаси бошланди. Битирувчилар бирин-кетин сафдан чиқиб, устозлари олдига дипломларни қабул қилиш учун кела бошлашди. Дипломларни қабул қилиб оларкан, «Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан» деб баралла айтаётган йигит-қизларга, шодиёнага келганлар ҳавас билан боқаётганини сезиш қийин эмас.

Шундан сўнг генерал-лейтенант Б.Матлюбов нутқ сўзлади. Вазир ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан вазирлик таълим муассасаларида малакали мутахассис кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди. У битирувчиларга юртимиз осойишталиги йўлида машаққатли, шу билан бирга, шарафли хизмат фаолиятларида муваффақиятлар тилар экан, жумладан, шундай деди:

- Азиз битирувчилар! Сиз нуфузли олий таълим муассасасини тамомлаб, эндиликда фуҳароларимизнинг ҳуҳуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашдек шарафли ишга йўл олмокдасиз. Мана шундай ҳаяжонли даҳиҳаларда Сиз, азиз фарзандларимизнинг ёруғ чеҳрангизга бокиб, биз - ота-оналар, устоз-мураббийлар сизларнинг тимсолингизда вужудидан куч-ғайрат ёғилиб турган, ўз олдига юксак маҳсадлар кўйиб, янги дунёҳараш, янги тафаккур билан ҳаётга кириб келаётган, биз бошлаган ишларнинг давомчиси бўлган баркамол авлодни кўрамиз ва бундан юрагимиз қувонч ҳамда ғурурга тўлади. Зеро, сафимизда сиз каби ғайратли, шижоатли, ватанпарвар ёшларимиз бор экан, юртимиз, халқимиз истиқболи ҳамиша ишончли кўллардадир.

Майдон узра Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, жанговар байроқ олиб кирилди. Шундан кейин сўз олган жамоатчилик вакиллари битирувчиларни унутилмас кун, ажойиб шодиёна билан қизғин муборакбод этди. Академия профессор-ўқитувчилари номидан сўзга чиққан кафедра доценти вазифасини бажарувчи, майор Музаффар Зиёдуллаев битирувчиларга муваффақият тилади. Ота-оналар номидан сўзга чиққан Муҳаббат Худойберганова барча йигитларни билдирилган ишончни оқлашга чақирди. Лейтенант Бекзод Бозоров таълим берган устоз-мураббийларга битурувчилар номидан миннатдорлик изҳор қилди.

Академия Олий академик курслари битирувчиларига «Жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлигини сақлашни бошқариш ташкилотчиси» квалификацияси берилганлиги ҳақидаги диплом ҳамда Академияни аъло баҳоларга тамомлаб, ўрнак кўрсатган тингловчиларга республика Ички ишлар вазири томонидан имтиёзли дипломлар топширилди.

Ёш офицерларни ота-оналари, яқинлари гуллар билан олқишлаб табрикладилар. Фурсатдан фойдаланиб, қувончдан шодон ота-оналар, битирувчилар ва уларнинг яқинларини суҳбатга тортамиз.

- Бугун барчамиз учун унутилмас ва қувончли кун, - дейди Тошкент шаҳрилик битирувчи, лейтенант Жамшид Саидов. - Қалбларида Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат туйғулари жўш уриб турган барча битирувчи тенгдошларимга юртимиз осойишталигини таъминлашдек масъулиятли вазифаларни шараф билан адо этишларида муваффақиятлар тилайман.

- Мен ушбу даргоҳда эксперт-криминалистика йўналиши бўйича ўқиб, керакли билим ва кўникмаларга эга бўлдим, - дейди Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрилик битирувчи, лейтенант Бахтигул Аскарова. - Ички ишлар вазирлиги Академиясида таҳсил олганимдан фахрланаман. Келгусида бу ерда олган билимларимни амалиётда қўллаб, юрт осойишталигига ҳисса қўшиш ниятидаман.

- Неварам Шерзодбек Шерматов шундай нуфузли таълим муассасасини битиряпти, - дейди қувонч билан Наманган вилояти Норин туманидан келган Ўктамхон ая Деҳқонова. - Мартабаси баланд бўлсин, эл-юртнинг корига ярасин, сабоқ берган устозлари, ота-онасининг юзларини ёруг қйлсин, дея дуо қиламан.

- Зафаржон бешинчи фарзандим, - дейди кўзларига севинч ёшлари қуйилиб келаётган Бухоро вилояти Қоракўл туманидан келган Шариф ака Ҳакимов. - Ёшлигидан шу касбга қизиқди. Мана бугун мутахассислик дипломини қўлга олди. Ўғлим халқига, Ватанига садоқат билан хизмат қилса, мендан бахтли ота йўқ.

Барчанинг юзида табассум, кимдир жигар-бандини қутлаб, қучоқлаган, яна кимдир яқинига гул тутган. Ота-оналар ўғил-қизларининг камолини кўриб турганлигидан кўзларидаги севинч ёшларини яшира олишмади.

 

"Постда" мухбири

 

“Постда” газетаси, 2010 йил 3 июль, № 27 (3868)

 

 

   
 

    © Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2010