|
|
Юрагини юрти учун тутганлар...
|
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз - Мустакилликнинг ўн тўққиз йиллиги
нишонланаётган муборак кунларда анъанага мувофиқ Ўзбекистон
Республикаси ИИВ олий таълим муассасаларида биринчи курсга қабул
килинган йигит ва қизларнинг юрт тинчлиги ва барқарорлигини
таъминлаш, она-Ватаннинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидек
авайлаб-асраш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қасамёд
қабул қилиш тантаналари бўлиб ўтди.
Дарҳақиқат, тинч, осойишта юртга байрамлар ярашади. Бу кунда
Истиқлолимиз, осойиштаҳаётимиз, миллий қадриятларимиз яна бир бор
улуғланади. Ёш йигит ва қизларнинг энг улуғ, энг азиз айём куни
қасамёд қилишларида улкан рамзий маъно бор. Бу уларнинг ҳуррият
сабабли шундай буюк бахтга эришиб турганлигига, энг олий неъматймиз
бўлмиш - тинчлик ва осойишталикни асрашга ишорадир. Юртга бўлган
меҳру муҳаббатини, садоқатини қасамёдда битилган сўзлар билан уйғун
тарзда изҳор этишга, она-Ватан шаънини тоғлардек юксакларга
кўтаришга тайёр туришибди. Байрам либосида турган Алпомишлар,
формаси ўзига ярашган Барчинойларга қараб ҳавас қиласиз. Юрт
тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, халқига, Ватанига садоқатли
бўлишга шайланган шерюраклар, улар.
... Республика ИИВ Академияси саф майдони узра байрамона руҳ
кезмоқда.
Тадбирда республика ИИВ раҳбарияти ва тингловчиларнинг
ота-оналари ҳозир бўлишди. Уни Академия бошлиғи вазифасини вақтинча
бажарувчи, полковник Т.Саитбаев очар экан, барчани байрам билан
муборакбод этди.
Республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б.Матлюбов
минбарга кўтарилгач, полковник А.Абдураҳмонов вазирга Академия
шахсий таркиби қасамёд қабул қилиш тантанасига сафланганлиги
тўғрисида ахборот берди.
Шундан сўнг тингловчилар бирин-кетин Ватанига, халқига,
Президентига содиқ бўлишга қасамёд қилишди.
Академияда аъло ўқиши, намунали хулқи, жамоат ишларида фаол
иштироки ва ташкилотчилик қобилиятини яққол намоён қилиши билан
сафдошларига ўрнак бўлиб келаётган уч нафар тингловчини «Ўзбекистон
Республикаси Ички ишлар вазирининг стипендиати» Фахрий ёрлиғи билан
такдирлаш тўғрисидаги республика Ички ишлар вазирининг буйруғини
вазир ўринбосари, полковник Алишер Мирзаев ўқиб эшиттирди.
Генерал-лейтенант Б.Матлюбов стипендиатларга Фахрий ёрлиқни
топшираркан, уларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларига муваффақият
тилади.
Шундан сўнг республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант
Б.Матлюбовнинг маърузаси тингланди. Вазир қасамёд қабул қилган
йигитларга қарата яратиб берилган имкониятлардан самарали
фойдаланиб, Академия профессор-ўқитувчилари, устоз ва мураббийлар
ёрдамида зарурий билим-кўникмаларни пухта эгаллашлари, етук
мутахассис кадрлар бўлиб етишишлари лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, вазир тингловчиларнинг келажакда халқимиз ишончини ҳамда
қабул қилган қасамёднй оқлашларига умид билдираркан, жумладан,
шундай деди:
- Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, шон-шуҳратини янада
юксалтириш, барча соҳаларда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларда
фаол иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас вазифасидир. Ҳар бир
халқ ва миллатнинг эртанги куни бугун камолга етаётган ёшлар билан
узвий боғлиқ эканлиги яна бир бор яққол намоён бўлмокда. Шунинг учун
ҳам истиқлол йилларида муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан
жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялаб, вояга етказиш
вазифасига алоҳида эътибор қаратилмокда. Давлатимиз раҳбарининг
«Шердил ва ўтюрак йигитлар миллат кўрки, Ватан фахридир» деган
шиорига амал қилиб, ўсиб-униб келаётган ёш авлодга таълим-тарбия
бериш билан бирга, Ватан такдири, унинг бугунги ва келажаги учун
масъулиятни чукур ҳис этадиган, мустақил ва янгича фикрлайдиган
ёшларни тарбиялаш энг асосий вазифалардан бирига айланди. Барчангиз
қасамёдга содиқ қолиб, намунали интизомингиз ва аъло баҳоларга
ўқишингиз билан бирга, келгусида халқимизнинг юксак ишончини
оқлайсизлар, деган умиддаман.
Профессор-ўқитувчилар номидан кафедра бошлиғи ўринбосари, майор
Аброр Отажонов ҳамда ота-оналар номидан Гулбаҳор Абдулқосимовалар
сўз олиб, Ватан саодати йўлида хизматга шайланган фарзандларга
келгусидаги ўқиш ва ишларида омад ёр бўлишини тилади.
Шунингдек, табрик учун сўз олган 1-босқич тингловчиси Ўктам
Ҳамроев ва 2-босқич тингловчиси Дилмурод Алимуҳаммедов ўқишга қабул
қилинган йигитларни бугунги тадбир ва Мустақиллигимизнинг 19 йиллик
байрами билан самимий қутладилар.
- Бугунги шодиёна жудаям ҳаяжонга солди, - дейди Қашқадарё
вилояти Қамаши туманилик Б.Авлаев. - Маросимга ота-онам, мактабдош
дўстларимизнинг ҳам ташриф буюришгани чексиз руҳлантириб юборди.
Келажакда осойишталик посбони деган номга сазовор бўлиб, оиламиз,
маҳалладошларимиз, қолаверса, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини
сақлашга, уни кўз қорачиғидек асрашга муносиб ҳисса қўшаман, дея
ваъда бераман.
- Сурхондарё вилояти Денов туманидан келдик, - дейди биз билан
суҳбатда Товашар Мусиров. - Ўн нафар фарзандим бор. Ибодулла
ўғилларимнинг кенжаси. Бугун орзусига эришиб, тингловчи деган
шарафга сазовор бўлганидан жуда бахтиёрман. Ниятим, энди у мардларга
хос шижоат билан юрт осойишталигига ҳисса қўшсин.
- Ўғлим Меҳриддин Рўзимуродовни тингловчилар сафида кўриб хурсанд
бўлдим, - дейди Навоий вилояти Навбаҳор туманидан келган Марҳамат
Рўзимуродова кўзида севинч ёшлари қалқиб. - Байрам шодиёналари
Президентимиз раҳнамолигида «Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон»
деган эзгу ғоя асосида халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан
нишонланмокда. Фарзандим шундай улуғ айём куни қасамёд қабул
қилганидан мамнунман. Ўғлим ҳам Ватанига содиқ қолиб, инсонларнинг
ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилса, эл корига яраб, сидқидилдан
хизмат қилса, мен бахтли оналар қаторида бўламан.
Тадбирда ИИВ Ашула ва рақс ансамбли иштирокчилари ўзларининг
куй-қўшиқлари, дилрабо рақслари билан барчани хушнуд этишди.
Азизжон Файзиев, «Постда» мухбири.
"Постда" газетаси, 2010 йил 4 сентябрь, № 36 (3877)
|