І O'zbekcha І Ўзбекча І Русский І English І      

 

 

 

 

 

Алоқа учун маълумот:

Манзил:

100197, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш,  Интизор кўч, 68.

Тел.:

265-22-52 (навбат.),

265-17-53 (факс),

265-13-55 (котибият).

Ишонч телефонлари:

265-22-56

265-91-39

265-17-52

E-mail:

akadmvd@uzsci.net

 

 

 
Rambler's Top100
 

 

 

Оқ йўл сизга, офицерлар!

 

Маълумки, истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳукуматимиз ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан олий таълим муассасаларида малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмокда. Бу борада ИИВ Академияси мамлакатимиздаги энг нуфузли илм масканларидан бири ҳисобланади. Бу ерда тингловчиларнинг билим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, ўқув-тарбия жараёнига жаҳон андозалари даражасида илғор усуллар жорий этилгани диққатга сазовордир. Билим масканини битирган кўплаб ёшлар бугунги кунда республика ички ишлар идораларида зиммаларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб келишмокда.

Яқинда ушбу таълим муассасасида навбатдаги битирувга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Соат 10.00. Республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов, вазирликнинг масъул ходимлари ва меҳмонлар минбардан жой олишди. Академия ўқув курслари бошлиғи, полковник А. Абдураҳмонов Ички ишлар вазирига шахсий таркиб тантанали маросимга сафлангани ҳақида ахборот берди.

Академия бошлиғи вазифасини бажарувчи, полковник Т. Саитбаев тадбирни кириш сўзи билан очар экан, барча иштирокчиларни унутилмас кун билан табриклади. Шундан сўнг республика Ички ишлар вазирининг буйруғи билан битирувчиларга «лейтенант» махсус унвони берилганлиги эълон қилинди. Битирувчилар бирин-кетин устозлари олдига дипломларни қабул қилиш учун кела бошлашди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу йил тезкор-қидирув, хуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тергов ҳамда эксперт-криминалистика йўналишлари бўйича 396 нафар йигит-қиз лейтенант унвони ҳамда ҳуқуқшунос малакасига сазовор бўлишди.

Сўз генерал-лейтенант Б. Матлюбовга берилди. Вазир битирувчиларни мустақил ҳаётга қадам қўяётганлари билан қизғин муборакбод этар экан куйидагиларни алоҳида таъкидлади:

- Бугун халқимиз жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўраётган бир вақтда Ички ишлар вазирлиги Академиясида қувончли воқеанинг гувоҳи бўлаяпмиз. Республикамизнинг бу нуфузли олийгоҳида таълим олиб, мутахассислик сир-асрорларини пухта эгаллаган йигит-қизлар халқимизга сидқидилдан хизмат қилишга шай бўлиб турибдилар. Қалбларида Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат туйғулари жўш уриб турган ёш мутахассислар юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш каби масъулиятли вазифаларни шараф билан адо этишларига ишонаман.

Бугунги тантанали битирув маросими мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси десак, адашмаган бўламиз. Сиз, азиз ёшлар билдирилаётган юксак ишончни шараф билан оқлаб, халқимизнинг тинч-осуда ҳаёт кечириши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида бор билим, шижоат ва ғайратингизни сафарбар этишингиз зарур. Барчангиз ички ишлар идораларида фаолият олиб бораётган фидойи ходимларимиз сафидан жой олиб, ҳалол ва самарали хизматингиз билан обрў-эътибор қозонасиз, деган умиддаман.

Шундан сўнг Академия Инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси, майор Акмал Ниязов, ота-оналар номидан Зубайда Шариповалар сўз олиб, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга астойдил бел боғлаган ёшларга оқ йўл тилашди.

- Бугун биз учун ҳаяжонли ва унутилмас кундир, - деди битирувчилар номидан сузга чиққан лейтенант Ҳикматилло Меҳмонов. - Чунки юртимизда мустақиллигимизнинг 20 йиллик тўйига қизғин тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда ИИВ Академиясини битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олдик. Ички ишлар ходими деган юксак номга доғ туширмасдан, олдимизга қўйилган масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажариб, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга сафдошларим ва ўз номимдан ваъда бераман.

Қўлларида анвойи гуллар билан офицер деган шарафли унвонга эга бўлган фарзандларини табриклашга ошиқаётган ота-оналарнинг қувончи чексиз. Уларнинг айримларини суҳбатга тортамиз.

- Қизим Ноиба шарафли касбни танлаганидан қувончим чексиз, - дейди Қарши шаҳридан келган Тошпўлат Майдонов. - Келгусида у ўзига билдирилган юксак ишончни оқлашига ишонаман.

- Ўғлим Азизбек Академияни ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналиши бўйича битирди, - дейди тантанага Навоий вилояти Нурота шаҳридан ташриф буюрган шифокор Нурулло Кенжаев. - Тилагим, хизматни шараф билан олиб бориб эл-юрт корига яраб юрсин.

Биз ҳам Ватан хизматига отланган ёш лейтенантларнинг тинчлик ва осойишталикни сақлаш йўлидаги хизматларига муваффақиятлар тилаб қоламиз.

 

Фурқат Холикулов, «Постда» мухбири.

"Постда" газетаси, 2011 йил 2 июль, № 27 (3920)
 

 

   
 

    © Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2010