Қарши давлат техника университетида вилоят ички ишлар ходимларининг рақамли саводхонлиги ва кибержиноятларга қарши курашиш салоҳиятини оширишга қаратилган машғулотлар ташкил этилмоқда.
Айтиш жоизки, ўқув курсларини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш мақсадида университет қошида ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилиб, зарур техник воситалар ва компьютер жиҳозлари билан таъминланди.
Ўқув курсларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва фош этиш, рақамли ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, рақамли далиллар билан ишлаш бўйича машғулотлар ўтказилмоқда. Машғулотлар университет ва Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари, тажрибали мутахассислар томонидан интерфаол ёндашувлар асосида олиб борилмоқда.
Таъкидлаш керакки, ўқув курслари олдидан университетда Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси мутасаддилари, шаҳар ва туман ички ишлар органлари раҳбарлари, академия вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.
Анжуманда рақамли технологиялар ёрдамида содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш ва киберпрофилактика йўналишида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳақида ахборот берилди. Шу билан бирга, академия вакиллари томонидан кибермакондаги таҳдидлар, уларнинг янги кўринишлари, киберхавфсизликни таъминлашнинг замонавий усуллари тушунтирилиб, ўқув курсларининг долзарб аҳамияти айтиб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, ҳамкорликда ташкил этилаётган машғулотлар соҳа ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, кибержиноятларга қарши курашиш бўйича билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати