Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни қарор топтиришда ҳуқуқ-тартибот органлари, маҳалла ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорлик ниҳоятда муҳим.
Бу борада Мирзо Улуғбек туманидаги “Алишеробод” маҳалласида самарали тизимнинг йўлга қўйилгани жиноятчилик омилларини барвақт аниқлаш ва олдини олишда ижобий натижа бермоқда.
Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбари Рустам Хатамов мазкур маҳаллада бўлиб, фаоллар, “маҳалла еттилиги” вакиллари ва патруль-пост хизмати ходимлари билан учрашди.
Мулоқот чоғида маҳалланинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, аҳоли ўртасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, “102” тизими орқали келиб тушаётган мурожаатлар муҳокама қилинди.
Академия бошлиғи жиноятчиликни жиловлашда ижтимоий профилактикага алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини қайд этди. Бунинг учун алоҳида тоифадаги шахслар билан манзилли ишлаш, уларнинг оиласи ва атрофидаги муҳитни ўрганиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида профилактик ишларни кучайтириш, аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.
Шу куни маҳалла ҳудудида хизмат олиб бораётган патруллик гуруҳлари фаолияти ҳам ўрганилди. Одамларнинг осойишта ҳаёт кечириши учун хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатга тезкорлик билан жавоб қайтариш, чекка ва қаровсиз жойларни мунтазам назорат қилиш кераклиги қайд этилди.
Бундан ташқари, маҳалла фаолларига ҳозирги пайтда авж олаётган кибержиноятлар, уларнинг замонавий кўринишлари, олдини олиш чоралари тушунтирилиб, аҳолининг кибермаданиятини ошириш, “APK Qo‘riqchi” ва бошқа мобил иловалардан кенг фойдаланишни тарғиб қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Ўрганишлар якунида “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида тегишли вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати