2–6 ноябрь кунлари Туркиянинг Жандармерия ва соҳил хавфсизлиги академиясида “Террорчилик ташкилотлари таъсирига тушган шахслар билан ишлашнинг самарали усуллари” мавзусида ўқув курси ташкил этилди.
Унда ички ишлар органларининг амалиётчи ходимлари билан бирга, Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ва “тезкор қидирув фаолияти” йўналишида таълим олаётган курсантлар ҳам қатнашди.
Туркиялик мутахассислар олиб борган машғулотларда террорчилик ташкилотлари таъсирига тушиб қолган шахслар билан индивидуал ишлаш, радикаллашувга олиб келувчи ижтимоий, мафкуравий ва психологик омилларни аниқлаш, ушбу тоифадаги шахсларнинг жамиятга қайта мослашувини таъминлаш, терроризмга қарши кураш ва унинг олдини олишда таъсирчан профилактик чора-тадбирларни қўллаш, мазкур йўналишда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари ёритилди.
Академия вакилларининг таъкидлашича, хориж тажрибасини ўрганиш давомида ўзлаштирилган билим ва амалий кўникмалар таълим жараёнларини такомиллаштириш, амалий машғулотларни илғор ёндашувлар билан бойитиш, “тезкор қидирув фаолияти” йўналишида кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати