Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ҳамкорлик алоқалари фаол ривожланмоқда

19 Октябр 2026, 23:06

51

Ўзбекистон ва Хитой муносабатларида таълим, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш муҳим ўрин эгаллайди.

Бу борада Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Хитой жамоат хавфсизлиги университети ўртасида йўлга қўйилган изчил алоқаларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик меморандуми доирасида ўндан зиёд таълим дастурлари амалга оширилди. Университет вакиллари учун ташкил қилинган навбатдаги ўқув курси ҳам манфаатли алоқаларнинг амалий ифодаси дейиш мумкин.

Ўқув курсининг очилиши муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда академия бошлиғи Рустам Хатамов иштирок этиб, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга алоҳида тўхталди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Хитой давлатларини тарих синовидан ўтган мустаҳкам ришталар боғлаб туради. Кейинги йилларда ўзаро алоқалар кенг кўлам касб этиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Ҳозирги глобал шароитда ҳар икки мамлакат стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиб келаётган ишончли ҳамкорлардир.

Ўз навбатида, Хитой жамоат хавфсизлиги университети делегацияси раҳбари Лиу Ези мамлакатимизга ташриф буюрганидан мамнунлигини қайд этди.

Унинг эътирофича, халқларимиз ўртасидаги тарихий яқинлик бугунги муносабатларда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Ўзаро алоқаларнинг изчил ривожланишида олий даражадаги давлат ташрифларининг аҳамияти беқиёс. Ушбу ташрифлар ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашда, ҳамкорликнинг янги истиқболлари ва йўналишларини очишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу куннинг ўзида университет вакиллари академия фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга ўқув даргоҳининг тарихи ва ривожланиш босқичлари, кадрлар тайёрлашнинг замонавий имкониятлари, таълим жараёнига жорий қилинган илғор ёндашувлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Айтиш жоизки, ўқув курси 30 октябрь кунига қадар давом этади.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech