Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Öz Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади

19 Ноябр 2026, 21:33

104

ИИВ академиясига Хитойнинг Шэньси полиция коллежи раҳбари Ли Шоугоу бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Таълим муассасалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари эътироф этилди. Ҳамкорлик алоқалари кенг кўлам касб этиб, манфаатли соҳаларда барқарор ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Шэньси полиция коллежи раҳбари Ли Шоугоу самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ҳозирги глобал шароитда замонавий тенденцияларни инобатга олган ҳолда ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш муштарак мақсадларга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Учрашувда таълим муассасалари ўртасида англашув меморандумини имзолаш, ўзаро алмашув асосида профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчилар ўқув курсларини ташкил этиш, сунъий интеллект технологиялари, кибер маконда содир этилаётган жиноятлар ва бошқа замонавий хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, рақамли таълим имкониятларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва равнақ топтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Ташриф давомида меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишди. Делегация аъзоларига мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотлар, таълим жараёнидаги ўзига хос ёндашувлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари, академияни ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Хитой делегациясининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech