ИИВ академиясида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ички ишлар органлари тизимига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” ташкил қилинди.
Тадбирга пойтахтимиздаги Ички ишлар вазирлигининг 1-сон академик лицейи ҳамда Сирдарё вилоятидаги “Silver Study” нодавлат таълим муассасаси ўқувчилари таклиф қилинди.
Шу куни ўқувчилар академиядаги ўқув жараёнлари, курсантлар учун яратилган замонавий шароитларни кўздан кечирдилар. Ахборот-ресурс маркази, ўқув хоналари, саф майдони, жанговар-жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик мажмуалари, мобил лабораториялар, курсантлар ётоқхонаси билан танишув уларда катта қизиқиш уйғотди.
Ёшлар билан мулоқот чоғида академияга кириш имтиҳонлари, бўлажак номзодларга қўйилган талаблар, таълим жараёнига татбиқ қилинган ёндашувлар, иқтидорли курсантлар эришаётган ютуқлар ҳақида маълумот берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати