Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг амалий натижаси бевосита маҳаллалар ҳаёти билан боғлиқ.
Шу боис, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Туманга бириктирилган Ички ишлар вазирлиги академияси масъуллари томонидан ҳар бир маҳалладаги муҳит ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
Хусусан, шу кунгача “Ўрда”, “Ўқчи” маҳаллаларининг криминоген вазияти илмий-амалий ёндашувлар асосида ўрганилди. Жиноятчилик омиллари таҳлил қилиниб, профилактика ишлари натижадорлигини ошириш юзасидан масъулларга амалий тавсиялар берилди.
“Гулбозор”, “Боғ кўча”, “Жанггоҳ”, “Қоратош”, “Хадра” маҳаллаларида аҳоли билан бевосита мулоқотлар ташкил қилиниб, уларни қийнаётган муаммолар, оилалардаги маиший муҳит, ёшлар ва хотин-қизлар масалалари, ижтимоий профилактика йўналишидаги ишларга эътибор қаратилди.
“Чақар”, “Тахтапул”, “Зафаробод”, “Шодлик” маҳаллаларини ўрганиш жараёнида “жиноят ўчоқ”ларига барҳам бериш, криминоген вазиятни куну тун назорат қилиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан манзилли ишлаш борасида муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ вакиллари томонидан “Чорсу” бозори, “Tashkent City Mall” савдо маркази ва бошқа аҳоли гавжум масканлар, турар жойлар атрофида йўлга қўйилган патруль-пост ҳамда қўриқлаш хизмати фаолияти ўрганилди. Аниқланган камчиликлар асосида куч-воситаларни оқилона тақсимлаш, айрим ҳудудларга тунги ёритгичлар ўрганиш, кузатув камераларининг соз ҳолатда ишлашини таъминлаш юзасидан тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, “Жанггоҳ”, “Чақар”, “Шайхонтоҳур”, “Боғ кўча”, “Қоратош”, “Хадра”, “Ибн Сино” ва “Белтепа” маҳаллаларида аҳоли ўртасида ижтимоий сўров ўтказилиб, билдирилган таклифлар асосида ҳудудларга қўшимча патруллик гуруҳларини жалб қилиш, ёритиш ва камералаштириш қамровини ошириш, аҳоли ўртасида таъсирчан ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқилди.
Айни кунларда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, аҳоли муаммоларини ўрганиш, ички ишлар органларининг фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган ўрганишлар давом эттирилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати