Ички ишлар вазирлиги академиясида Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти, Қарши давлат техника университети ҳамда Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси билан биргаликда қўшма қарор имзоланди.
Шу муносабат билан ўтказилган учрашувда долзарб вазифалар ижроси ва ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қарор асосида Қарши давлат техника университетида вилоят ички ишлар ходимлари учун кибержиноятларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва фош этиш, рақамли далиллар билан ишлаш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, рақамли ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқув курслари йўлга қўйилади.
Машғулотлар малакали мутахассислар, академия ва университет профессор-ўқитувчилари томонидан замонавий таълим технологиялари, амалий машқлар, муаммоли вазиятлар таҳлили ҳамда хизмат фаолиятига оид мисоллардан фойдаланган ҳолда ташкил этилади. Ўқув жараёнларини самарали ташкил этиш, ходимларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини баҳолаш, масофавий таълим имкониятларини кенгайтириш мақсадида ягона электрон таълим портали яратилиб, амалиётга татбиқ қилинади.
Учрашувда ўқув курсидан кутилаётган натижалар, янги тизимнинг афзаллик жиҳатлари ва имкониятлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари ва масъуллари сўз олиб, машғулотлар ички ишлар органлари ходимларининг касбий салоҳиятини юксалтириш, тизимни рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, илғор ёндашувларни амалиётга жорий қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтишди.
Шунингдек мулоқот давомида кибер маконда юзага келаётган таҳдид ва хатарлар, ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларнинг замонавий кўринишлари, уларнинг олдини олиш чоралари ҳам муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда илмий, амалий ва услубий ҳамкорликни кенгайтириш, кибержиноятларга қарши самара курашишнинг илғор ечимларини ишлаб чиқиш, аҳоли ўртасида киберпрофилактикани самарали ташкил этишга келишиб олинди.
Учрашув якунида Қарши давлат техника университети ректори Шерзод Неъматов академиядаги таълим жараёнлари, хусусан, “рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” йўналишида кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ўқитишнинг илғор ёндашувларини алоҳида эътироф этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати