Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Хитой университети вакилларига сертификатлар топширилди

30 Октябр 2026, 21:52

52

Ички ишлар вазирлиги академиясида Хитой жамоат хавфсизлиги профессор-ўқитувчилари ва курсантлари учун ташкил этилган ўқув курси якунланди.

Ўқув курси давомида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан юртимизнинг бой тарихи ва маданияти, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, стратегик тараққиёт йўлимизнинг асосий йўналишлари, глобал маконда Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг устувор жиҳатлари, шунингдек бугунги мураккаб шароитда юзага келаётган таҳдид ва хатарлар, жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий тенденцияларига бағишланган машғулотлар ташкил қилинди.

Бундан ташқари, университет вакиллари ички ишлар органлари фаолияти билан яқиндан танишиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, хавфсиз туризмни йўлга қўйишда қўлланилаётган илғор ёндашувларни ўргандилар. Маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, пойтахтимиз ҳамда Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат халқларимиз ўртасидаги муштарак алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ўқув курси якунлари муносабати билан ўтказилган тадбирда академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, ҳамкорлик меморандуми асосида ташкил этилаётган қўшма таълим дастурлари ўқитишнинг инновацион ёндашувларини ўрганиш, тажриба алмашинувини кенгайтириш, икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатдан бойитишда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўз навбатида, Хитой делегацияси раҳбари Лиу Ези икки халқ ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига таянган ҳолда барқарор ривожланиб бораётганини эътироф этди. Манфаатли алоқаларнинг янги босқичга кўтарилиши ва истиқболли йўналишларда янада равнақ топишидан мамнунлигини айтиб ўтди.

Тадбир сўнггида меҳмонларга ўқув курсини муваффақиятли тамомлаганликлари тўғрисидаги сертификатлар тантанали равишда топширилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech