Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

ИМКОНИЯТ, ТАШАББУС ВА ЭЪТИБОР курсантлар билан мулоқотнинг муҳим жиҳати бўлди

17 Сентябр 2026, 21:40

28

Ёшлар куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов кундузги таълимнинг 1-ўқув курсига қабул қилинган курсантлар билан учрашди.

Тадбир ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш орқали уларнинг таклифларини тинглаш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида белгилаб олинган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинди.

Учрашув аввалида академия бошлиғи мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришларга алоҳида тўхталди. Кейинги ўн йил мобайнида Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйгани, жамиятда инсон қадрини улуғлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқимизни рози қилиш барча соҳалардаги ислоҳотларнинг устувор мезонига айланганини таъкидлаб ўтди.

Бу борада муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда устувор йўналишлар белгилаб берилгани, мамлакатимизнинг буюк келажагини барпо этиш йўлида эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшлари янада фидойи, шижоатли ва ташаббускор бўлиши кераклигини алоҳида қайд этди.

Мулоқот давомида курсантларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши, олдига қўйган мақсадларга эришиши учун яратилган замонавий шарт-шароитлар айтиб ўтилди. Ёшлар буни давлатимизнинг юксак ишончи сифатида қабул қилиши, ҳар жиҳатдан шунга муносиб бўлиши, келгусида етук малакали кадр бўлиб етишиши зарурлиги таъкидланди.

Шу куни академия раҳбари Хорижий кадрлар билан ишлаш факультетида таълим олаётган курсантлар билан ҳам мулоқот қилиб, янги ўқув йилининг долзарб вазифаларини етказди.

Ўқув даргоҳи бошлиғи жаҳондаги геосиёсий жараёнлар ўзгариб бораётган бир шароитда минтақамизда хавфсиз ва барқарор муҳитнинг ҳукм сураётгани ёшлар учун улкан имконият яратаётгани, бунинг самарасида академияда таълим олишни истаган хорижий мамлакатлар ёшлари сафи йилдан-йилга кўпайиб бораётганини таъкидлади.

Шу боис курсантлар устозларидан мукаммал сабоқ олиб, ўз билим ва салоҳиятини юксалтириб бориши, энг муҳими, академия битирувчиси деган шарафни номни муносиб оқлаши кераклиги айтиб ўтилди. Ўз навбатида, тожикистонлик ва қирқизистонлик ёшлар сўз олиб, астойдил таълим олишга, ўқув ва хизмат интизомига қатъий амал қилишга ваъда бердилар.

Очиқ мулоқотлар якунида курсантлар томонидан билдирилган таклифлар асосида муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech