Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасалари консорциумининг ташкил қилингани илғор тажрибаларни алмашишга хизмат қилмоқда.
Ҳамкорлик доирасида Жамоат хавфсизлиги университети, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг профессор-ўқитувчилари ҳамда курсантлари иштирокида қўшма машғулотлар ташкил этилди.
Дастлаб тадбир иштирокчилари рационализаторлик ва ихтирочилик ишлари кўргазмаси билан танишдилар. Кўргазмада турли экстремал йўл шароитларида юк автомобилларини бошқариш кўникмаларини шакллантиришга мўлжалланган динамик стационар автосимулятор, енгил автомобилларни амалий бошқаришни ўргатувчи ҳамда реал вақт режимида қоидабузарликларни қайд этувчи статик автотренажёр, турли экстремал шароитларни имитация қилувчи “Қайсар арава” қурилмаси ҳамда бошқа махсус техник воситалар намойиш қилинди.
Шундан сўнг университет вакиллари томонидан амалиётга татбиқ қилинган инновацион қурилмалардан фойдалашиш бўйича маҳорат дарси ўтказилди. Машғулот жараёнида курсантлар рационализаторлик ва ихтирочилик қурилмаларининг замонавий имкониятлари, техник ютуқлари, уларни самарали қўллаш бўйича кўникмалар ҳосил қилдилар.
Машғулотлар якунида курсантлар ўртасида йўл ҳаракати қоидалари ва хизмат автомобилини хавфсиз бошқариш фанидан ўтказилган олимпиада иштирокчиларнинг билим салоҳиятини синовдан ўтказди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати