Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Академия бошлиғи ёшлар ҳузурида

29 Апрель 2024, 10:04

274

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятимизнинг ҳақиқий таянчига айлантириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилган.

Ана шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан “Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари” ўқув йиғинлари ташкил қилиниб, уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилган эди. Айтиш керакки, ўтган қисқа вақт мобайнида ўқув йиғинларига Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларининг барча ҳудудларидан 5 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди.  

23–25 апрель кунлари академия бошлиғи Рустам Хатамов ўқув йиғинлари фаолияти билан танишиш ва ёшлар билан мулоқот қилиш мақсадида мазкур вилоятларда бўлди. Даставвал навоийлик ёшларнинг шарт-шароитлари ўрганилди. Ўқув йиғинига бириктирилган масъулларга ватанпарварлик руҳидаги ишлар самарадорлигини ошириш, ёшлар тақдирига юксак масъулият билан ёндашиш борасида тавсиялар берилди.

Академия бошлиғи ёшлар билан мулоқот қилар экан, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталди. Янгиланишлар жараёнида ёшларнинг фаоллиги, эзгу мақсад сари интилиши муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Тадбир давомида ёшлар қатлами вакилларининг таклиф ва ташаббуслари, келгусидаги режалари тингланди.

Бухоро вилоятида ўтказилган учрашувда ёшлар ҳаётига дахлдор кўплаб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Ёшларга янгиланган Конституциямиздаги асосий ўзгаришлар, айниқса инсон ҳуқуқларига оид нормаларнинг мазмун-моҳияти, давлатимиз томонидан берилган имтиёзлар батафсил тушунтирилди. Академия бошлиғи ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш долзарб вазифа эканлигини, ҳар бир инсон, аввало, ўз юрти тақдирига бефарқ бўлмасдан, она Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Айтиш жоизки, уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришга қаратилган ўқув йиғинлари Қашқадарёда ҳам уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Вилоятдаги иккита ҳарбий қисмда ўтказилаётган машғулотлар, сайёр учрашувлар ҳаётда ўз ўрнини топишда қийналган, кўмакка муҳтож ёшларга мотивация бермоқда.

Академия раҳбари қашқадарёлик ёшлар билан мулоқотда уларнинг қизиқиши, оилавий аҳволи, муаммоларига қизиқди. Жамиятимиздаги ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга қаратилгани, ёшларни тўғри мақсадларга йўналтириш устувор вазифа эканлигини таъкидлади. Учрашув давомида ёшлар билан манзилли ишлаш мақсадида яратилган тизимлар, Президентимизнинг яқинда қабул қилинган ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлашга оид қарорида белгилаб берилган чора-тадбирлар батафсил тушунтирилди. Ёшлар масаласини ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Мухтасар айтганда, бугун жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, айниқса ёш авлод вакиллари давлатимизнинг алоҳида эътибор ва ғамхўрлигида. Муҳими, бу йўлда самарали механизмлар ишлаб турибди. Амалий ишлар натижаси ёшларнинг интилиш ва саъй-ҳаракатига боғлиқ эканлигини ҳам айтиш жоиз.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech