Шу кунларда Ички ишлар вазирлиги академияси ишчи гуруҳи томонидан Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Маълумки, ички ишлар вазирининг жорий йил 8 сентябрдаги фармойишида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, тизим фаолиятига замонавий ёндашувларни самарали жорий этиш борасида қатор вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур фармойиш ижроси доирасида амалга оширилаётган ўрганишлар давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни камералаштириш ҳамда бошқа йўналишдаги ишлар тизимли ўрганилмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан “қизил” тоифадаги “Наврўзобод”, “Давлатобод” маҳаллаларининг криминоген вазияти ўрганилганда, энг кўп ҳуқуқбузарликлар ижарада турувчи шахслар томонидан содир қилинаётгани маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, “хонадонбай”, “фуқаробай” тизимда профилактик ишларни кучайтириш, алоҳида тоифадаги шахсларни назоратга олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
“Абдураҳмон Жомий” маҳалласида “маҳалла еттилиги” вакиллари билан учрашув ўтказилиб, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шароитлари муҳокама қилинди. Маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида аҳоли муаммоларини мунтазам ўрганиб бориш, ижтимоий профилактикани кучайтириш, оилалардаги муҳитни соғломлаштириш борасида масъулларга амалий тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳ томонидан тергов-тезкор гуруҳи, йўл ҳаракати хавфсизлиги, патруль-пост ва қўриқлаш хизмати ходимларининг тунги хизмат фаолияти текширилиб, ҳудудларда аҳоли осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, чақирувларга тезкорлик билан муносабат билдириш, куч ва воситаларни самарали тақсимлаш йўналишидаги ишлар ўрганилди.
Янгиер шаҳар ҳокимлиги, ички ишлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида сайёр қабул ўтказилиб, уюшмаган ёшлар, ишсиз ва пробация назоратида турган шахсларнинг бандлиги таъминлаш чоралари кўрилди.
Айни кунларда масъуллар билан биргаликда, маҳаллаларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб ҳудуд тажрибаларини яратиш, профилактика ишлари натижадорлигини ошириш, аҳоли муаммоларини манзилли ҳал қилиш, криминоген омилларни бартараф этиш, фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини тизимли ташкил этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати