Янги Ўзбекистонда таълимга йўналтирилган ислоҳотлар самарасида юртимизга келиб ўқиётган чет эллик ёшлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда.
Ўтган йили ИИВ академиясида хорижий кадрларни ўқитиш тизими йўлга қўйилиб, 6 нафар тожикистонлик ёшлар ўқишга қабул қилинган эди. Жорий йил улар сафига яна 12 нафар қўшни Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари қўшилди. Айни пайтда курсантлар замонавий имкониятлардан унумли фойдаланиб, танлаган ихтисосликлари бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаб келишмоқда.
Янги ўқув йили аввалида академия бошлиғи Рустам Хатамов улар билан очиқ мулоқот қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва қардош икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар, мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар, муҳтарам Президентимиз томонидан таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, айниқса ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида академияда йўлга қўйилган таълим жараёнлари хусусида сўз борди.
– Кейинги йилларда Марказий Осиё давлатлари муносабатларида мутлақо янги саҳифа очилди. Мамлакатларимиз ўртасида яқин қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари мустаҳкамланди. Минтақа етакчиларининг қатъий саъй-ҳаракати ва оқилона сиёсати туфайли кўплаб муаммолар ҳал этилди. Бугун минтақамизда ҳукм сураётган барқарор муҳит мамлакатларимиз тараққиёти, халқларимиз фаворонлиги, ёшларимиз салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, кўплаб соҳаларда янги имкониятларни ишга солиш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, истиқболли режаларни амалга оширишга мустаҳкам замин яратмоқда, – деди академия бошлиғи.
Мулоқот давомида курсантларга ўқув даргоҳининг шонли тарихи, ўтган давр мобайнида эришган ютуқлари, масканда таълим олган фахрли битирувчилар, шу билан бирга, кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар, курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Ёшлар катта авлод вакиллари босиб ўтган шарафли йўлни муносиб давом эттиришлари лозимлиги қайд этилди.
– Ёш авлод ҳар бир мамлакатнинг эртанги куни, тараққиётини белгилайди, – деди академия бошлиғи. – Сизлар касбий билимларни пухта эгаллаб, юқори малакали мутахассис бўлишингиз лозим. Келгусида эришган ҳар бир ютуғингиз академиямиз, шу даргоҳда сизларга таълим берган устозларингизнинг ютуғи эканлигини унутманг. Айтиш жоизки, кейинги йилларда академиямизнинг турдош олий таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Сиз каби ёшларнинг Ўзбекистонда таълим олишингиз ҳам бу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифадасидир.
Ўқув даргоҳи раҳбари курсантларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ҳам тинглади. Ёшларга ўқув ва хизмат интизомига оғишмай риоя қилиш, фаол ва ташаббускор бўлиш, устоз-шогирдлик анъаналаридан оқилона фойдаланиш юзасидан тавсиялар берди. Ўз навбатида, курсантлар замонавий имкониятлардан мамнун эканликларини билдириб, фақат аъло баҳоларга ўқишга ваъда бердилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати