ИИВ академиясида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” Бухоро академик лицейи ўқувчиларида келажакка ҳавас ва ватанпарварлик туйғуларини уйғотувчи тадбир бўлди.
Тадбир олдидан синфхоналар, спорт заллари, ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун мўлжалланган автотранспорт воситалари ва бошқа объектлар тайёр ҳолга келтирилди. Ўқувчилар икки томони ям-яшил арчалар билан ўралган йўл оралаб Ахборот-ресурс маркази, саф майдони, ўқув аудиториялари, Маънавият ва маърифат маркази, спорт мажмуаси, Ҳарбий тайёргарлик кафедраси, курсантлар ётоқхонаси ва овқатланиш маскани бўйлаб саёҳат қилдилар.
Йўл-йўлакай уларга академиянинг кўп йиллик тарихи, шу кунгача босиб ўтган шонли йўли, ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар, курсантлар учун яратилган имконият ва шароитлар, уларнинг турли йўналишларда эришаётган ютуқлари, масканда таълим олган фахрли битирувчилар ҳақида сўзлаб берилди.
Келажак авлодлар академиянинг замонавий қиёфаси, бу ерда рўй бераётган янгиланишларни кўздан кечириб, мамлакатимиз ички ишлар органлари учун чинакам халқпарвар кадрлар етиштириб бераётган даргоҳ ҳақида кенг таассуротга эга бўлишди. Айниқса ватанпарварлик тарбияси борасида амалга оширилаётган ишларни кўрган ёшлар она Ватанимиз ва халқимизга юксак садоқат билан хизмат қилиш энг шарафли бурч эканлигини теран ҳис қилдилар.
Тадбир сўнггида меҳмонларга “Ҳаёт академияси” фильми намойиш қилинди. Ёшлар ҳаётига бағишланган кинокартина ўқувчиларни билим ва интилиш учун берилган онларни аниқ мақсад сари йўналитириш ва келажакда қатъий касбни танлашга даъват этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати