Ички ишлар вазирлиги академиясида “Фан, таълим ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ўртасида инновацион ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Гибрид форматда ўтказилган анжуманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, фан, таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш, илғор халқаро тажрибалар асосида инновацион таълим имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбир аввалида академия бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Насиба Турғунова сўз олиб, илмий-амалий анжуманнинг долзарб аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Мазкур йўналишда давлатимиз раҳбарининг ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини трансформация қилишга қаратилган қарорида белгилаб берилган устувор масалалар, амалиётга жорий қилинаётган янгича механизмлардан кутилаётган натижаларга алоҳида тўхталди.
Анжуманда Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Жамоат хавфсизлиги университети, Криминология илмий тадқиқот институти, Божхона институти, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, шунингдек Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург университети, Тожикистон ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги академиялари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари сўзга чиқди.
“Жиноятчиликнинг ўзгариши шароитида ички ишлар органларини кадрлар билан таъминлаш: замонавий муаммолар ва тенденциялар”, “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлашда фан, таълим ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ўртасидаги инновацион ҳамкорлик”, “Ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлашнинг инновацион модели: таълим, илм-фан ва амалиёт интеграцияси”, “Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни такомиллаштириш: миллий ва хорижий тажриба” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари асосида долзарб масалаларнинг ечимлари, анжуманнинг мақсад ва вазифаларига қаратилган илмий асослантирилган таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати