Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

ГЛОБАЛ МУАММО САЪЙ-ҲАРАКАТЛАРНИ БИРЛАШТИРИШНИ ТАҚОЗО ЭТМОҚДА

26 Март 2026, 21:59

59

ИИВ академиясида “Ўқотар қуроллар ва унинг ўқ-дорилари ноқонуний муомаласига қарши курашиш: миллий ва халқаро тажриба, рақамли технологиялар ва замонавий хавф-хатарлар” мавзуида миллий семинар бўлиб ўтди.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда нуфузли халқаро ташкилотлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари, эксперт ва олимлар қатнашди.

Тадбир аввалида ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, миллий семинарнинг устувор мақсади ва долзарб аҳамиятига тўхталди. Бугунги кунда қурол-яроғларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ трансмиллий жиноятлар кўлами ортиб бораётгани, анжуман глобал муаммога қарши самарали ёндашувларни ишлаб чиқиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда муҳим платформа бўлишини таъкидлади.

Миллий семинар очилишида, шунингдек Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори ўринбосари Жобир Азимов, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий вакили ўринбосари Александр Федулов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен чиқиш қилди.

Анжуманда ноқонуний қурол-яроғ савдоси билан боғлиқ жаҳондаги вазият, ушбу турдаги трансмиллий жиноятларнинг замонавий кўринишлари, ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш механизмлари ҳамда қонунчилик асосларини такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятига илғор ёндашувларни татбиқ этиш масалалари, бу борада халқаро тажрибанинг ўзига хос жиҳатлари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари атрофлича муҳокама қилинди.

Маъруза ва чиқишлар якунида ўқотар қуроллар ҳамда ўқ-дориларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, комплекс ёндашув ва чора-тадбирларни амалиётга татбиқ қилиш, давлатлар ва халқаро ташкилотлар ўртасида илғор тажрибаларни алмашишга қаратилган тавсиялар билдирилди.

Миллий семинар доирасида иштирокчилар учун махсус кўргазма ҳам ташкил этилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech