Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

5 Август 2026, 20:04

58

ИИВ академиясида Корея Республикаси элчихонасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва консуллик масалалари бўйича вакили Ким Чже Хван билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув олдидан кореялик меҳмон академия раҳбарияти ҳамроҳлигида ўқув муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Ким Чже Хванга таълим жараёнлари, яратилган замонавий шароитлар, амалиётга жорий қилинган илғор ёндашувлар, академиянинг халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берилди.

Шундан кейин икки томонлама учрашув ўтказилиб, унда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, кўп қиррали алоқаларни янада ривожлантириш масалалалари муҳокама қилинди.

Ким Чже Хван кейинги йилларда Корея – Ўзбекистон муносабатлари ўзаро ҳурмат, ишонч ва стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётгани, айниқса таълим соҳасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилганини қайд этди.

Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида тажриба алмашинувини кенгайтириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда кадрлар салоҳиятини ошириш, профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчилар учун долзарб йўналишларда ўқув курслари ташкил этиш, илғор хорижий тажрибаларни амалиётга кенг жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ким Чже Хван академия вакиллари томонидан билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаган ҳолда таълим сифатини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳаларга ҳисса қўшишдан мамнунлигини билдирди. Шу куни элчихона вакили ўзаро ҳамкорлик доирасида кореялик мутахассислар томонидан ўтказилиши режалаштирилган машғулотлар учун ажратилган ўқув хоналарини ҳам кўздан кечирди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech