ИИВ академиясида XX аср ўзбек ва тожик адабиётининг йирик вакили, атоқли олим, жамоат арбоби Садриддин Айнийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи ва таржимон Рисолат Ҳайдарова, тилшунос олимлар, факультет профессор-ўқитувчилари ҳамда курсантлари иштирок этди.
Маълумки, Садриддин Айний номи ўзбек ва тожик халқларида алоҳида эътироф билан тилга олинади. Ғиждувоннинг Соктаре қишлоғида таваллуд топган маърифатпарвар адиб икки тилда бирдай ижод қилиб, бой адабий мерос қолдирган.
Ёзувчининг “Бухоро жаллодлари”, “Одина”, “Дохунда”, “Қуллар”, “Сўдхўрнинг ўлими” сингари қисса ва романларида давр фожиалари реал тарзда тасвирланган. “Эски мактаб” асари ҳам ўзига хос услубда ёзилгани билан машҳур.
Адиб Бухорода янги усулдаги мактаблар очиб, ўқув қўлланмалар, дарсликлар яратган. Кейинчалик бир муддат Самарқанд давлат дорилфунунида ишлаб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий аъзоси этиб сайланган. Тожикистон Фанлар академияси ташкил топган кундан бошлаб ушбу муассасага раҳбарлик қила бошлаган.
Тадбирда Садриддин Айний ҳаёти ва ижодининг ўзбек ва тожик адабиётидаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритилди. Асарларининг қимматли жиҳатлари айтиб ўтилиб, икки миллат адабиёти равнақи йўлидаги буюк хизматлари эътироф этилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати