Ички ишлар (полиция) органлари раҳбар кадрларини тайёрлаш бўйича МДҲга аъзо давлатлар олий таълим муассасалари ассоциацияси ҳузуридаги Ижтимоий-ҳуқуқий тадқиқотлар халқаро илмий лабораториясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа форматида ўтган йиғилишда Россия, Беларусь, Тожикистон, Қизғизистон, Қозоғистоннинг 10 дан зиёд турдош ўқув муассасалари, шу жумладан, мамлакатимиздан Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Малака ошириш институти вакиллари қатнашди.
Йиғилишда ички ишлар (полиция) органлари фаолиятига илмий ёндашувларни кенг жорий қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларнинг илмий-назарий асосларини такомиллаштириш, бу борада таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш орқали илғор ёндашув ва ечимларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида ИИВ академияси вакиллари томонидан долзарб таклифлар, хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида ижтимоий профилактиканинг аҳамиятини ошириш, наркожиноятларга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари, кибержиноятларни очиш, тергов қилиш ва олдини олиш методикасини такомиллаштириш, судга қадар иш юритувида ички ишлар органлари бўлинмаларининг ҳамкорлигини кучайтириш, жиноятчиликни криминологик прогнозлаш тизимини ривожлантириш бўйича мулоҳазалар ўртага ташланди.
Шунингдек, йиғилиш қатнашчилари халқаро илмий лабораториянинг келгуси йилга мўлжалланган қўшма илмий тадбирлари режа-жадвалини муҳокама қилиб, халқаро ва идоралараро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма илмий-амалий конференция, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг долзарб йўналишлари бўйича тадқиқотларни фаоллаштиришга келишиб олди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати