Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

“Илмий хулоса – тавсия – натижа” механизми асосида криминоген вазият барқарорлашмоқда

29 Апрел 2026, 19:46

66

Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишга қаратилган қарори аҳоли билан доимий мулоқот қилиш орқали криминоген вазият билан боғлиқ муаммоларга биргаликда ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари Бухоро вилоятидаги 23 та маҳаллага бириктирилган. Улар томонидан криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ўрганилиб, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар “илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида амалиётга татбиқ қилинмоқда.

Амалий ишлар натижасида маҳаллаларда 60 га яқин “жиноят ўчоқлари” ва овлоқ ҳудудлар аниқланди. Аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш мақсадида кўчалар, уйлар ва чекка жойларга 24 та ташвиш тугмаси, 300 дан ортиқ камера, 239 та тунги чироқ, 34 та домофон ўрнатилди. Аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган 200 дан зиёд профилактик ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Ижтимоий профилактика доирасида хонадонларга манзилли борилганда, ижтимоий-маиший муаммоси мавжуд 136 нафар шахс аниқланиб, “маҳалла еттилиги”га йўналтирилди. Бандликка кўмаклашувчи ташкилотлар билан ўтказилган меҳнат ярмаркаларида 30 дан зиёд шахс иш ўрнига эга бўлди. Сайёр қабуллар давомида 76 нафар фуқаронинг муаммосига ижобий ечим топилди.

Маиший-турмуш доирасидаги жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида низоли оилалар билан учрашувлар ўтказилиб, 29 та оила вакилларига зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 18 та оила аъзолари эса ўзаро яраштирилди. Маҳаллаларда 8 та “хавфсиз кўча”ва яна шунча “хавфсиз уй” ташкил қилинди.

Айтиш жоизки, ишчи гуруҳлар зиммасига ҳудудларга мос илғор тажрибаларни яратиб, амалиётга жорий этиш вазифасини ҳам юклатилган. Ҳудудларни ўрганиш жараёнида айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech