ИИВ академияси магистратураси ташаббуси билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида профилактик тадбир ўтказилди.
Университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирокида ўтган тадбир ёшлар ўртасида безорилик ва тан жароҳати етказиш жиноятларининг барвақт олдини олишга бағишланди.
Учрашувда магистратура тингловчиси, подполковник Азимжон Холиқов сўзга чиқиб, ёшлар жиноятчилигининг сабаб ва шароитларини таҳлил қилди. Баъзи оилалардаги носоғлом муҳит, атрофдагиларнинг салбий таъсири, назоратсизлик, ўқув муассасаларида тарбиявий ишларнинг етарлича ташкил қилинмаслиги ёшларнинг ҳуқуқбузарлик содир этишида асосий омил бўлаётгани таъкидланди.
Бугунги кунда ёшлар қатлами орасида безорилик ва тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳолатлар кўп қайд этилаётгани, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун профилактик ишларни янада кучайтириш, ёшлар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, масъул ташкилотлар ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги айтиб ўтилди.
Мулоқот тарзида ўтган тадбирда талабаларга ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди. Шунингдек профилактик ҳисобда турувчи ёшлар билан суҳбат қурилиб, уларнинг муаммолари тингланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати