Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди

12 Декабрь 2025, 04:12

53

ИИВ академияси бошлиғи Чирчиқ шаҳридаги “Иқбол”, “Ҳамза” ва “Кимёгар” маҳаллаларининг криминоген вазияти билан танишди.

Ўрганишлар давомида Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тўғрисидаги ПҚ-1-сон ҳамда бу борадаги тизим натижадорлигини оширишга қаратилган ПҚ-253-сон қарорлари ижросига эътибор қаратилди.

Академия бошлиғи масъуллар ва “еттилик” тизими вакиллари билан биргаликда маҳаллалардаги реал ҳолат бўйича мулоқот қилди. Жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан уларнинг ахборотини тинглади.

Қайд этилишича, бугунги кунда маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқбузарлик содир этилиши мумкин бўлган жойлар замонавий камера ва ташвиш тугмалари билан таъминланиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида профилактика ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, академия курсантлари жамоат тартибини сақлашга жалб этилмоқда.

Академия бошлиғи фуқароларни ташвишга солаётган ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш жиноятчиликни жиловлашга хизмат қилишини айтиб ўтди. Шу боис, аҳоли, айниқса ёшларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, оилалардаги маиший низоларни бартараф этиш, ижтимоий профилактика объектлари билан тизимли равишда ишлаш зарурлигини таъкидлади.

Учрашувлар чоғида кўп қайд этилаётган жиноятлар ҳам муҳокама марказида бўлди. Хусусан, ўғрилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларининг салмоғи юқори эканлиги айтилиб, масъулларга ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг асл омилларини аниқлаш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш, ғайриижтимоий хулқ-атворга эга, жиноят содир этиш ва ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан профилактик ишларни кучайтириш борасида топшириқ берилди.

Шу куни “жиноят ўчоқ”лари сифатида баҳоланган ҳудудларга қўшимча куч ва воситаларни йўналтириш, айрим кўнгилочар, савдо ва овқатланиш масканларида ўрнатилган камераларни хавфсизлик тизимларига интеграция қилиш, ижарада турувчи талабалар ўртасида профилактик тадбирлар қамровини ошириш, маҳаллаларда хавфсиз кўча ва уйларни ташкил қилиш, техник ва жисмоний қўриқловга олишни жадаллаштириш, “маҳалла еттилиги” аъзоларига методик ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича долзарб вазифалар белгилаб олинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech