Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Маҳаллалардаги муаммолар ўрганилди

6 Феврал 2026, 14:53

108

Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида хавфсиз муҳит яратиш бўйича “пойтахт намунаси”ни амалиётга жорий этиш белгиланган эди.

ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Бешқўрғон” маҳалласида бўлиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Айтиш жоизки, янги тажриба мазкур маҳаллага ҳам кенг татбиқ қилинмоқда. Ана шу мақсадда ҳудудларга 80 дан ортиқ турли хилдаги замонавий камера, 10 та ташвиш тугмаси ҳамда тунги чироқлар ўрнатилди. Ҳуқуқбузарлик содир этилиши мумкин бўлган жойларда қўшимча патруллик гуруҳлари ташкил этилиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Ижтимоий профилактика доирасида жиноят содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори шахслар аниқланиб, “маҳалла еттилиги” тизимига йўналтирилди. Сайёр қабуллар жараёнида фуқаролардан келиб тушган юздан ортиқ муаммоли масалалар ижобий ҳал қилинди. Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш юзасидан корхона, ташкилот ва муассасаларга тақдимномалар киритилди.

Шу куни академия бошлиғи масъуллар ва “маҳалла еттилиги” вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилди. Аҳоли муаммоларини ўрганиш, ижтимоий профилактикани самарали ташкил этиш, оила-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчилик омилларини камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Маҳалла ҳудудидаги “Чилонзор” буюм бозорига қарашли автотураргоҳни кўздан кечириб, вилоятлараро қатновчи ҳайдовчилар билан суҳбатлашди. Масканда аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади. Шундан сўнг бозор ҳудудида ташкил қилинган 5-сон ички ишлар бўлими фаолияти ўрганилди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ вакиллари “Катта Чилонзор-3” маҳалласида ҳам бўлди. “Маҳалла еттилиги” ходимлари билан учрашувда Президентимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган долзарб вазифалар етказилди.

Академия бошлиғи “еттилик” вакилларининг ахборотини эшитди. Маҳалла профилактикасини самарали ташкил қилиш, мавжуд куч-воситалардан оқилона фойданиш, аҳоли мурожаатларига тезкорлик билан муносабат билдириш, криминоген вазиятни кунлик таҳлил қилиб бориш юзасидан уларга тавсиялар берди.

Ўрганишлар якунида таълим муассасасидан бириктирилган масъулларга ҳудудларни ўрганиш чоғида аниқланган муаммоларнинг ечимларига қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, криминоген омилларни илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни яратиш борасида топшириқлар берилди.

Қайд этиш жоизки, пойтахтимизда хавфсиз муҳит яратиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга ошилмоқда. Намунавий амалиётни йўлга қўйиш мақсадида Чилонзор туманига академия профессор-ўқитувчилари, магистратура тингловчилари ҳамда кундузги таълимнинг 3-курсида таҳсил олаётган барча курсантлар жалб қилинган. Бу ҳам натижадорликни оширишга хизмат қилмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech