Президентимиз топшириғи асосида “пойтахт тажрибаси”нинг кенг жорий қилинаётгани маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, криминоген омилларни барвақт олдини олиш ва аҳоли осойишталигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбари Рустам Хатамов янги тизим асосида пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани маҳаллаларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Дастлабки манзил “Чорсу” маҳалласи бўлди. Ҳудудга бириктирилган масъуллар, академия профессор-ўқитувчилари ва магистратура тингловчилари, “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирокида айни йўналишдаги устувор вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, маҳалла ҳудудида 11 та “жиноят ўчоғи” аниқланган. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида жойларга 17 та ташвиш тугмаси, 264 та замонавий камера ўрнатилган. Одамлар гавжум масканларга қўшимча куч ва воситалар жалб қилиниб, хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Хонадонларни манзилли ўрганиш натижасида ижтимоий профилактика объектлари аниқланиб, “маҳалла еттилиги” ходимларига йўналтирилган. Аҳолини гиёҳвандлик, киберфирибгарлик ва бошқа турдаги жиноятлардан огоҳ этиш мақсадида тарғибот материаллари тарқатилиб, фуқароларнинг уяли алоқа воситаларига фойдали иловалар ўрнатилган.
Академия бошлиғи маҳаллада криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича тақдимот билан танишиб, хавфсиз муҳитни шакллантириш борасида ўз таклифларини билдирди. Ишчи гуруҳ вакилларига аҳоли билан жадал манзилли ишлаш, жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш юзасидан топшириқ берди.
Шундан сўнг таълим муассасаси вакиллари томонидан “Ўрда” маҳалласининг криминоген вазияти ўрганилди. Ишчи гуруҳ вакиллари билан биргаликда маҳаллада содир этилган жиноятлар, уларнинг асл омиллари, “102” тизими орқали фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, янги тизим асосида эришилаётган натижалар таҳлил қилинди.
Академия бошлиғи аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиб бориш, “жиноят ўчоқлари”да хавфсизлик чораларини кучайтириш, ижтимоий профилактика қамровини ошириш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш зарурлигини қайд этди. Янги тажрибаларни яратиб, ҳудудларга жорий қилиш бўйича кўрсатма берди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида академия бошлиғи “Боғкўча” маҳалласидаги аҳоли гамжум жойлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш масканларини кўздан кечирди. Фуқаролар билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади. Ҳудудларда осойишталикни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида зарур тавсиялар берди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати