Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Манзилли ишлар самарасида хавфсиз муҳит шаклланмоқда

26 Сентябр 2026, 20:05

98

Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлашга қаратилган қарори асосида Навоий вилоятида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Қарор ижросини сифатли таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари вилоятнинг уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган 10 та маҳалласига жалб қилинган. Ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларнинг криминоген вазияти “илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида ўрганилиб, ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусиятларига мос тажрибалар яратилмоқда.

Масалан, Кармана туманининг “Янги ариқ” маҳалласидаги жиноятларнинг аксарияти чўл минтақаси ва чекка жойларда содир этилган. Шундан келиб чиқиб криминоген хавфи юқори бўлган ҳудудларга қўшимча куч-воситалар йўналтирилиб, дрон орқали кузатув йўлга қўйилди. Натижада, жиноятчилик кескин камайиб, маҳалланинг криминоген вазияти барқарорлашди.

Умуман, ўрганишлар давомида маҳаллаларда сўнгги уч йилда қайд этилган 168 та жиноятнинг асл омиллари таҳлил қилиб чиқилди. Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида 74 та таклиф-тавсия ишлаб чиқилиб, “йўл харита”ларга киритилди. Манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларга қўшимча замонавий камера ва ташвиш тугмалари ўрнатилиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Уйма-уй юриш орқали хонадонлардаги ижтимоий-маиший муҳит ўрганилиб, аниқланган ижтимоий профилактика объектлари “маҳалла еттилиги” тизимига йўналтирилди. Шу билан бирга, аҳоли орасида кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилиб, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли 50 дан ортиқ объектнинг техник қўриқловга олиниши таъминланди.

Манзилли чора-тадбирлар натижасида бириктирилган маҳаллаларнинг 3 таси “яшил”, 5 таси “сариқ” тоифага ўтди. Ҳозирда “йўл харита”лар ижроси назоратга олиниб, жиноят қайд этилган айрим ҳудудлар бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech