Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Навоийга эҳтиром – адабиётга, башариятга эҳтиром

7 Феврал 2026, 21:12

98

ИИВ академиясида буюк аждодимиз Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Адабиётшунос ва тилшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, курсантлар иштирокида ўтган тадбир бобокалонимиз ижодий меросини тарғиб қилиш орқали ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил қилинди.

Тадбирда сўз олганлар Алишер Навоийнинг ибратли ҳаёти, бой илмий-маънавий мероси, адолат, маърифат, эзгулик, инсонпарварлик, бунёдкорликни тарғиб этувчи асарлари ҳақида тўхталди. Унинг “Насойим ул-муҳаббат”, “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва бошқа асарларини таҳлил қилган ҳолда уларда илгари сурилган ғояларнинг бугунги кундаги беқиёс аҳамиятини эътироф этишди.

– Навоий асарларининг ҳар бири тарбиявий аҳамиятга эга. Шоир инсон қалбига йўл орқали маънавий покланишга чорлайди. Айниқса унинг халқпарварликка йўғрилган фаолияти барчамиз учун ибратли. Бугун ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам халқ дарди билан яшаш, юртдошларимизнинг оғирини енгиш қилиш, турмушини обод қилишдек эзгу мақсад мужассам, – деди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Мунисжон Ҳакимов.

Тадбир давомида Навоийнинг рубоий ва ғазаллари ўзбек, тожик, қирғиз, инглиз ва бошқа тилларда янгради. Бадиий ҳаваскорлик тўгарагига аъзо курсантлар томонидан саҳна кўринишлари, мумтоз қўшиқлар ижро этилди. Йиғилганлар шоирнинг барҳаёт сиймосини улуғлаб, унга эҳтиром кўрсатдилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech