ИИВ академиясида дуал таълим тизими имкониятларини кенгайтириш бўйича йиғилиш ўтказилди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан биргаликда ташкил қилинган йиғилишда масъул раҳбарлар, факультет ва кафедралар бошлиқлари, мураббийлар ҳамда курсантлар қатнашди.
Академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан дуал тизимда ўқитишнинг кенг йўлга қўйилгани самарасида ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнлари илғор ёндашувлар асосида амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Пойтахт туманларида ташкил этилаётган амалиёт жараёнлари курсантларнинг назарий билимини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш, касбий мослашишини таъминлаш, ёшларда таянч компетенцияларни шакллантиришда муҳим босқич бўлаётганини қайд этди.
Шунингдек йиғилишда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султанходжаев сўзга чиқиб, янги тизимнинг афзалликлари, курсантлар эришаётган натижаларга тўхталди. Тизимда етук салоҳиятли ёш кадрларга эҳтиёж юқорилигини, дуал таълимни самарали ташкил этиш соҳанинг фаолият самарадорлигини ошириш билан бирга, истиқболи кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилишини айтиб ўтди.
Йиғилишда назария ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш, таълим сифатини ошириш, амалий машғулотларни самарали ташкил этиш, ёшлар билан индивидуал ишлаш борасида тегишли вазифалар белгилаб олинди. Амалиёт даврида юқори натижаларга эришаётган мураббийлар ва курсантлар рағбатлантирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати