Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Тинчлик ва барқарорлик – энг катта бойлик

14 Январ 2026, 19:35

186

ИИВ академиясида Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносиб нишонланди.

Соҳа фахрийлари, раҳбарият вакиллари, профессор-ўқитувчилар, магистратура тингловчилари иштирок этган тадбирда жамоа аъзоларининг ютуқлари, шарафли ҳамда масъулиятли хизматлари эътироф этилди.

Тадбир аввалида академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, йиғилганларни байрам билан қутлади.

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан ютуқ ва марралар қўлга киритилгани, инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилишга қаратилган ислоҳотлар замирида, энг аввало, юртимизда ҳукм сураётган хавфсиз ва осойишта муҳит мустаҳкам пойдевор бўлаётгани қайд этилди.

Жаҳонда геосиёсий вазият тобора мураккаблашиб, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётгани, ҳозирги таҳликали шароитда миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, тинчлигимизни кўз қорачиғидай асраш, ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, бир сўз билан айтганда, юртга юксак дахлдорлик ва фидойилик ҳисси билан яшаш устувор вазифа эканлиги таъкидланди.

– Ёшларимизнинг касбий салоҳияти, жанговар шайлиги, профессионал маҳоратини янада мустаҳкамлаш билан бирга, сиёсий-маънавий дунёқарашини ҳам мунтазам юксалтириб боришни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Бу борада буюк аждодларимизнинг шарафли ҳаёт йўли, улкан илмий мероси бизга дастуруламал бўлади, – деди академия бошлиғи.

Сана муносабати билан соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёш авлодни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ички ишлар органларининг фаолият самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчи ва ходимларга идоравий мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Тадбир она Ватанимизни, юртимизда кечаётган янгиланишларни, осойишталик посбонларини шарафлаган концерт дастури билан якунланди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech