ИИВ академиясида таълим олаётган магистратура тингловчилари халқаро тажрибаларни ўрганиш мақсадида Венгрия давлатида бўлди.
Хориж сафари давомида мамлакат полиция тизимининг энг илғор жиҳатлари ўрганилди. Тингловчилар Венгрия миллий полиция бошқармаси, Будапештдаги Тезкор бошқарув маркази, Дунай дарё полицияси, Венгрия миллий тергов бюроси, Рожке чегара назорати пункти ва бошқа тузилмаларда бўлиб, амалиётга жорий қилинган замонавий ёндашувлар билан танишдилар.
Маҳаллий мутахассислар томонидан жамоат тартибини сақлаш, терроризм, уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик, гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланмаси ва бошқа турдаги жиноятларга қарши курашиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, чегара пунктларида хавфсизликни таъминлаш, полиция куч ва воситаларини бошқаришда қўлланилаётган “ақлли” технологиялар тақдимот қилинди.
Бундан ташқари, Полиция кадрларини тайёрлаш ва ўқитиш маркази ҳамда Венгрия полиция академияси фаолияти билан танишилиб, соҳа учун кадрлар тайёрлаш жараёнлари, миллий таълим тизимининг ўзига хос жиҳатлари ўрганилди. Бир сўз билан айтганда, хориж сафари тингловчилар учун халқаро тажрибаларни ўзлаштириш ва замонавий бошқарувга оид кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати