Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Хавфсиз муҳит – осойишталик гарови

2 Сентябр 2026, 21:48

68

ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш мақсадида пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ишчи гуруҳ томонидан ички ишлар органлари куч ва воситаларининг жанговар шайлиги, хизматга жалб қилинган патруллик гуруҳлари фаолияти, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар атрофлича ўрганилди.

Масъул раҳбарлар билан биргаликда “102” рақами орқали келиб тушаётган мурожаатлар, аҳоли ўртасида кўп содир этилаётган жиноятлар, айниқса безорилик жиноятлари билан боғлиқ ҳолатлар, уларнинг асл омиллари, “пойтахт намунаси” асосида хавфсиз муҳитни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Академия бошлиғи “жиноят ўчоқ”лари сифатида белгиланган ҳудудлар, аҳолига куну тун хизмат кўрсатувчи кўнгилочар масканлар, гавжум кўчаларда бўлиб, криминоген вазият билан яқиндан танишди. Умумтаълим мактабларида янги ўқув йили муносабати билан олиб борилаётган тайёргарлик жараёнларини кўздан кечирди.

Масъулларга ҳар бир муаммони жойида ҳал этиш, тунги вақтларда назорат ва профилактик тадбирларни кучайтириш, “жиноят ўчоқ”ларига қўшимча куч ва воситаларни йўналтириш, ўқув масканларида хавфсизлик чораларини кучайтириш, “Билимлар куни” тадбирлари пайтида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда транспорт воситалари ва пиёдалар оқимини тартибга солиш юзасидан тавсиялар берди.

Ўрганишлар якунида кучайтирилган хизмат вақтида шахсий таркибнинг интизом ва масъулиятини янада ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, криминоген вазият билан боғлиқ масалалар ва келиб тушаётган мурожаатларни зудлик билан ҳал этиш борасида вазифалар белгилаб олинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech