ИИВ академиясининг Хорижий кадрлар билан ишлаш факультетида янги ўқув йили муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Факультет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, курсантлар иштирокида ўтган тадбирда жорий ўқув йилининг устувор мақсад ва вазифалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда таълим жараёнлари билан боғлиқ асосий йўналишларга эътибор қаратилди. Юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ўқитишнинг илғор ёндашувларини кенг татбиқ этиш борасидаги кенг қамровли ишлар изчил давом эттирилиши айтиб ўтилди. Шу билан бирга, факультетда ўқишни хоҳлаган ёшлар сафи тобора кўпайиб бораётгани, жорий ўқув йилида ҳам ўнлаб ёшлар ана шундай имкониятга эга бўлгани қайд этилди.
Мулоқот давомида таълим олувчиларга қўйилаётган долзарб талаблар етказилди. Барча соҳалар сингари ички ишлар органлари фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил этиш кадрларнинг касбий салоҳиятига боғлиқ эканлиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, курсантларга билим ва амалий кўникмаларни мукаммал ўзлаштириш, ўқув ва хизмат интизомига қатъий риоя этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбир якунида академия ҳаётига сўнгги янгиланишларга оид видеоролик намойиш этилди. Курсантлар сўз олиб, сифатли таълим олишлари ва ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришлари учун яратиб берилган қулай ва замонавий имкониятлар учун миннатдорлик билдирдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати