ИИВ академиясида таълим олаётган қўшни мамлакат вакиллари пойтахтимизнинг Самарқанд дарвоза кўчасидаги Абдулла Қодирий уй-музейига бордилар.
“Маънавият маршрути” ёшларни қардош халқлар адабиёти билан яқиндан таништириш, умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтириш, миллатлараро дўстлик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил қилинди.
Тадбир давомида курсантларга миллий адабиётимизнинг етук намояндаси, ўзбек романчилиги асосчиси, атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўзлаб берилди. Ёзувчи асарларининг ўз даври ва бугунги кундаги аҳамияти, жаҳон адабиёт майдонида тутган ўрни ҳақида қимматли маълумотлар улашилди.
Ёшлар муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан обод гўшага айлантирилган ушбу хонадондаги диққатга сазовор жойларни, ҳар бир экспонатни мароқ билан томоша қилиб, маърифатпарвар адиб яшаган даврга саёҳат қилдилар. Айниқса Абдулла Қодирийнинг илк ижод намуналари нашр этилган газета ва журналлар, турли йилларга оид тарихий фотосуратлар уларда улкан таассурот қолдирди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати