Ўтган йили республикамиздаги 4 мингдан зиёд маҳаллада жиноят содир этилмади. Бунга ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар натижасида эришилди.
Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Айниқса пойтахтимизда янги намунавий амалиётнинг йўлга қўйилгани маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишда муҳим омил бўлмоқда.
ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов Чилонзор туманининг “Қозиработ” маҳалласида бўлиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликни жиловлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Маълум бўлишича, маҳалладаги криминоген омилларни бартараф этиш мақсадида чораклик “йўл харита”га қўшимча таклиф ва тавсия киритилган. Ижтимоий профилактика объекти бўлган 18 нафар, “хавф гуруҳи”даги 5 нафар шахс “маҳалла еттилиги”га бириктирилган.
Жиноятларнинг барвақт олдини олиш учун жойларга 25 та ташвиш тугмаси ўрнатилиб, қўшимча 6 та патруллик йўналиши ташкил қилинган. Ечимини кутаётган масалалар бўйича ташкилот ва муассасаларга ўндан зиёд тақдимнома юборилган. Аҳоли ўртасида профиклактик ва тарғибот тадбирлари ўтказилиб, содир қилинган жиноятлар кенг муҳокама қилинган.
Академия бошлиғи “маҳалла еттилиги” ходимлари билан мулоқотда салмоғи юқори жиноятларга эътибор қаратди. Таълим муассасаси вакилларига уларнинг асл омилларини илмий-амалий ёндашувлар асосида ўрганиш, биргаликда олдини олиш чораларини кўриш, хавфсиз муҳитни шакллантиришда натижадорликни ошириш юзасидан топшириқ берди.
Қайд этилишича, маҳалладаги 20 та кўп қаватли, 445 та якка тартибдаги уйда 7 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ўтган йили олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардан энг кўпини ўғирлик жинояти ташкил этган. Шундан келиб чиқиб, ҳудудларда хавфсизлик чораларини кучайтириш, жиноятларнинг хусусиятига қараб қўшимча куч-воситаларни йўналтириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Шу куни масъулларга криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни ўз вақтида бартараф этиш, ижтимоий профилактика тадбирлари қамровини ошириш, аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш орқали муаммоларни ўрганиб бориш ва бошқа долзарб йўналишларда тавсиялар берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати