Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Амалий кўникма – касбга мослашувнинг муҳим омили

21 Октябрь 2025, 09:10

48

ИИВ академияси бошлиғи дуал таълим асосида ташкил этилаётган амалиёт жараёнлари билан яқиндан танишди.

Маълумки, таълимдаги инновацион ёндашувлар кадрлар тайёрлашнинг сифат кўрсаткичларини яхшилайди. Бу борада дуал шаклда ўқитиш анча самарали бўлиб, у орқали назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланади, таълим олувчи ҳозирданоқ зарур кўникмаларни эгаллаб боради.

Яккасарой тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида айни жиҳатларга эътибор қаратилди. Курсантлар билан олиб борилаётган кунлик машғулотлар ўрганилиб, уларнинг натижалари юзасидан фикр алмашилди.

Айтиш жоизки, ҳозирда бошқарма тасарруфидаги бўлинмаларда тезкор қидирув, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, эксперт-криминалистика, пробация, хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш ҳамда рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти ихтисолик йўналишлари бўйича амалиёт ташкил этилмоқда. Курсантларнинг ходим ёрдамчиси сифатида тажрибали мураббийларга бириктирилгани касбий мослашув жараёнларини таъминламоқда.

Академия бошлиғи курсантлар билан мулоқот қилиб, яратилган шароитлар билан қизиқди. Янги тизимнинг афзаллиги ва келгусидаги аҳамиятига тўхталди. “Яқин-яқингача бундай имконият бўлмаган. Курсантлар фақат назарий билим олиб, қисқа муддатли амалиётларга жалб қилинган. Президентимиз ташаббуслари билан жорий этилган янги тизимдан унумли фойдаланиб, билим ва кўникмангизни биргаликда мустаҳкамлаб боришингиз зарур”, – деди таълим маскани раҳбари.

Учрашувда масъулларга ёшлар билан самарали ишлаш, илғор иш услубларини йўлга қўйиш, устоз-шогирдлик анъаналарини давом эттириш, хизмат интизомини таъминлаш борасида тавсиялар берилди. Курсантларнинг касбий шаклланиши тизим фаолиятида, ислоҳотлар самарасида муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech